52 метрли “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” яратилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” қилиниб, унга тарих билан боғлиқ миниатюралар жойлаштирилмоқда.
Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” узунлиги қарийб 52 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил этади.
Девор бўйлаб жами 10 дан ортиқ миниатюра ўрин олади. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда миниатюраларни 50 га яқин рассомлар икки ойдан буён яратмоқда.
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, рассом Беҳзод Ҳожиметовнинг маълум қилишича, девор учун Ҳирот, Бухоро, Самарқанд ва қисман ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган.
- 50 га яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди, - деди рассом Беҳзод Ҳожиметов. - Бундан ташқари, ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди. Сабаби, деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади. Миниатюралар ҳам шу мавзулардан четлаб ўтилмаган ҳолда сараланган. 10 дан ортиқ миниатюра чизиш ишларининг 80 фоизини бажариб бўлдик. Музей деворининг баландлиги 8 метрни ташкил қилиб, унинг 3 метрдан юқори қисмига айнан ушбу миниатюралар деворини жойлаштириш кўзда тутилган. Mиниатюралар ҳажмини инобатга оладиган бўлсак, уни «Гиннес рекордлар китоби»га ҳам киритишимиз мумкин. Композицияларимиз юқори сифатли матога, сифатли бўёқлар билан чизилди ҳамда Италиядан келтирилган тилла суви билан ишлов берилди. Эндиликда устахонада ишланган барча ишларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши якунига етган биносига олиб бориб, махсус елимлар билан деворга жойлаштириш ишлари қолган. Миниатюраларни танлашда экспозицияда жойлаштирилган факсимеллар, экспонатлар ва қўлёзмаларни такрорламасликка эътибор қаратилди. Шунингдек, бош ғоя сифатида кашфиётлар ва цивилизациялар мавзусига эътибор берилди.
Миниатюраларнинг айримлари бизгача тўлиқ етиб келмаган, уларни девор ҳажмига мослаштириб, ўз услубидан чиқмаган ҳолда композицияни тўлиқ тикладик. Шунингдек, ҳар бир миниатюра орасига ўша даврда ишлатилган нақшлар билан ҳошиялар чизилди. Ушбу нақшларни икки хил – Бухоро ҳамда Ҳирот мактаби услубида чиздик. Нақшлардан айнан биттаси илмий кенгаш аъзолари томонидан танланиб, барча миниатюралар орасига жойлаштирилади.
Қайд этилишича, девордаги миниатюралардан Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилиниши ва унинг илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарихий жараённи ифодалашда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг Лондонда, Британия кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги миниатюралардан фойдаланилган. Девор марказида Амир Темурнинг тож кийиш маросими акс этган “Балх қурултойи” миниатюраси жойлаштирилган. Асосий эътибор Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймосини кўрсатиб беришга қаратилган. Жумладан, ушбу йирик тасвирий санъат асарида Амир Темур даврида қурилган иморатлар тасвирланади. Шу билан бирга, Самарқандда Беҳзод томонидан акс эттирилган Бибихоним масжидининг қурилиш жараёни ҳам алоҳида кўрсатилади. Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам эътибор қаратилади. Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган иккита миниатюра – улардан бири Низомий “Хамса”сидан олинган миниатюра, иккинчиси Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидаги Цефей юлдуз туркуми суратидир. Мирзо Улуғбекнинг асл қиёфасини тиклашда бу суратлар катта ўрин тутади. Шу боис рангтасвир асарида ушбу миниатюраларни ҳам акс эттириш назарда тутилади.
Хуросондаги Темурийлар даври Ренессансида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳиссаси алоҳида кўрсатилади. Бунда қадимий миниатюралар орқали Ҳирот манзаралари, Навоий, Ҳусайн Бойқаро, уларнинг даврасида турган Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Хондамир сингари Ҳирот маданий муҳити намояндалари акс этади. Шунингдек, Ҳусайн Бойқаронинг илм ва маданият ҳомийси сифатидаги ролини ҳам кўрсатиб бериш мақсад қилинган.
Мазкур экспозицияда Бобур ва Бобурийлар меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бобурга бағишланган қисмда унинг тарихий қўлёзмалардаги миниатюраларидан кенг фойдаланилади. Айниқса, Амир Темурнинг Бобур ва ва унинг авлодлари қуршовида яратилган миниатюраси алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Марказий Осиёда Темурийлардан сўнг давлатни узоқ вақт идора қилган Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги илм-фан, таълим ва маданий ҳаёт ўша даврда чизилган тарихий суратларда ўз аксини топади.