Талабалар учун меҳнат ярмаркаси: Юксак марралар сари амалий кўмак
Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиалида “KIUT Job Fair – 2026” меҳнат ярмаркаси ва “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ташкил этилди.
Битирувчи талабаларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш ҳамда олий таълим муассасасида ўқиш истагидаги абитуриентларга университетнинг таълим имкониятларини намойиш этиш мақсадида ўтказилган тадбирда 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот вакиллари, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари, университет битирувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда иш берувчилар учун махсус штаблар ташкил этилиб, ишга кириш истагидаги битирувчилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Тадбир аввалида Тошкент Кимё халқаро университети Самарқанд филиали директори Низомжон Эшонқулов иқтидорли талабаларнинг ютуқлари, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасидаги олиб борилаётган ишларнинг амалдаги натижалари ҳақида сўз юритиб, ҳамкорликка келган ташкилот ва корхоналарга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбирда корхона ва ташкилотларнинг тақдимотлари ташкил этилди.
- Самарқанд шаҳрида POLYGLOT ўқув марказимизнинг ўнта филиали мавжуд, - дейди марказ менежери Шаҳина Давронова. – Яна филиалларимиз сони ортаяпти. Ушбу меҳнат ярмаркасига 10 дан ортиқ иш ўринлари билан қатнашяпман. Бизга ўқитувчи, ёрдамчи ўқитувчи ва call операторлар керак.
- “Регистон” хусусий мактаби ҳозирги кунда кенг кўламли мактаб ҳисобланади, - дейди мактаб вакили Шоҳрух Абдукаримов. – “Регистон” фақат мактаб билан чегараланиб қолмаган. Бугун унинг боғчаси, мактаби, лицейи, техникуми, шунингдек, бу йилдан Самарқанд шаҳрида университети ҳам очилади. Айни кунда республика бўйича “Регистон” ўқув марказлари сони элликдан ошди, бу йил мактабларимиз олтитага етади. Меҳнат ярмаркасига элликка яқин иш ўринлари билан қатнашяпмиз. Биз ўз касбининг яхши мутахассиси бўлган, яъни хорижий ва халқаро сертификатларни қўлга киритган ёшларни ишга қабул қиламиз.
Тадбирда битирувчи талабалар ўзларига маъқул келган вакансиялар бўйича маълумотлар олиб, сўровномалар тўлдиришди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирига келган абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари дарс машғулотларида бевосита иштирок этиб, ўзларини бир неча дақиқа давомида КИУТ талабаси сифатида кўришларига имкон яратилди.
Шунингдек, тадбирда либослар дизайни, архитектура ва шаҳарсозлик ҳамда интерьер дизайн йўналиши талабаларининг семестр якунига бағишланган ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Хуршида Эрназарова.