Ўзгадан эмас ўзингдан кўр
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кириш визаси талаб этилмайдиган мамлакатлардан ташқари, хорижга вақтинча ва доимий яшашга чиқиш учун чет элга чиқиш рухсат ёзувининг ёпиштириладиган стикерини расмийлаштириши талаб этилади. Айрим фуқароларимиз ушбу қоидани билсаларда, чиқиш учун виза талаб этиладиган давлатларга қўшни республикалар орқали қонунларимизни бузиб бормоқдалар.
Хусусан, фарғоналик Мухлиса Икромова (исм-шарифлар шартли равишда ўзгартирилган) тенгдошлари каби ҳою ҳавасга берилди. Четда ишлаб келиб, бой бўлиш хаёллари унга тинчлик бермади. Ўйлаб-ўйлаб қатъий тўхтамга келди ва Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига отланди. Аммо хорижга чиқиш учун ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштиришдаги "оворагарчилик"лар унга малол келиб, қонунга хилоф иш тутди.
Мухлиса 2016 йилнинг ноябрь ойида амалдаги қонунчиликка риоя этмай, яъни виза рухсатномаси олмасдан Россия Федерациясидан Истанбул шахрига йўл олади. Мухлиса бу шаҳардаги ошхоналарнинг бирида бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб, жорий йилнинг 14 март куни юртимизга қайтади.
Ҳар қандай қилмишнинг кун келиб "мис"и чиқиши тайин. М.Икромованинг қилмишлари Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортнинг паспорт назорати давомида ошкор бўлди. "Ишбилармон хоним"нинг қилмишлари судда кўриб чиқилиб, тегишли жазотайинланди.
Шерзод Чиниев, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими тергов бўлинмаси терговчиси.