Ўзи тарбияга муҳтож устоз

Шунинг учун ҳам халқ уларга фарзандлари таълим-тарбиясини ишониб топширади. Аммо ўқитувчилар орасида ҳам устозлик салоҳияти йўқ инсонлар учраб туради. Уларнинг ўзларига тўғри йўл кўрсатувчи устоз керак. Пайариқлик Муҳайё Мустафоева ва Салим Алиқуловлар ҳам шундайлардан шекилли, улар тўғри йўл турганда эгрисини танлади.
Муҳайё Мустафоева ўзи директорлик қилаётган мактабда директор жамғармасидан тўланиши керак бўлган 2 миллион 950 минг сўмлик мукофот ва устама шаклидаги пулларни бош ҳисобчи Салим Алиқулов билан тил бириктириб, талон-тарож қилди. 
"Бир қилган икки қилар, икки қилган одат", деганларидек муассаса учун масъул шахслар яна таваккал қилишди. Аммо буниси анча жиддийроқ.
Меъёрий ҳужжатларда белгиланишича, ходимларга моддий рағбат пулларини беришда махсус комиссия тузилиб, мактаб директори – комиссия раиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари – котиб этиб белгиланиши ва улар ўқитувчиларнинг белгиланган тегишли тартибдаги ҳужжатларини тўплаши ҳамда уларнинг шу кунгача қилган ишларини инобатга олиши зарур. Аммо мактаб директори бундай тартибга амал қилмасдан, оз эмас, кўп эмас, 23 миллион 541 минг  сўм мактаб жамғармасидаги маблағни  ходимларга моддий рағбат учун "ажратади". Бош ҳисобчи ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз бу таклифни молиялаштиради.    
Улар қилаётган ишларидан мамнун, хотиржам  ишлашаётганди. Қонунга хилоф ишларидан деярли хавотирланмасди. Чунки бири мактаб директори, иккинчиси бош ҳисобчи. Аммо жамоадаги адолат истовчиларнинг талаби уларнинг хотиржамлигини бузди.
Қонунбузарлар тегишли тартибда қонун олдида жавоб бердилар.