O‘zLiDeP депутати “Илонсой – Сиёб бозор” йўналишида автобус қатновини йўлга қўйиш учун сўров юборди

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудда “Маҳалла маркази”, “Нуронийлар чойхонаси”, савдо дўконлари, 20 ўринли хаммом, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, дорихона, кичик футбол майдончаси қуриш режалаштирилган. Бироқ ҳозирга қадар натижадан дарак йўқ.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг вилоят Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари натижасида бу ерда ҳам кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани ойдинлашди.
Оқова ва ичимлик суви танқислиги, газ баллонларнинг ўз вақтида етиб келмаслиги, ички йўлларнинг таъмирталаблиги, ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун етарли шароит яратилмагани шулар жумласидандир.
Яна бир гап. Шу вақтга қадар “Илонсой-Сиёб бозори” йўналиши бўйича жамоат транспорти йўлга қўйилмаган. Натижада мактаб ўқувчилари қишлоқдан 15 км узоқликда жойлашган Гулобод қўрғонидаги 38-ўрта мактабга, аҳоли эса Сиёб деҳқон бозорига қатнаяпти.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш якунлари партия вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят
Кенгаши матбуот котиби