Турмуш чорраҳаларида: Ота ўкинчи

- Ҳа, нега қовоғинг солиқ, тинчликми? - Ишдан қайтган Самандар Назиранинг авзойига қараб, хавотирланиб сўради.
- Тинчликмас, кўчиб ҳам қутулмадик. Ана, уйда отангиз ўтирибди, ҳойнаҳой,биз билан яшайман, деб келганга ўхшайди. Сизда гапи бор экан, менга айтмади.
- Овозингни ўчир, эшитиб қолса, хафа бўлади.
- Эшитса, эшитар, - Назира эрига зарда қилди.
Шовқинни эшитиб, Норқул бува уйдан чиқди.
- Ҳой, ҳой, нима бўлди, бутун домни бошларингга кўтаряпсанлар? - у ўғли билан келинига дашном берди.
Норқул бува пенсияга чиққач, бундай кунларга қоламан, деб ўйламаган эди. Самандар ёлғиз ўғли, онаси омонатини топширгач, отасига бутунлай бемеҳр бўлиб қолди. Хотинининг чизган чизиғидан чиқмайди. Норқул буванинг боди қўзиб, қон босими ошганда раҳматли кампири дори-дармон сўраб, хапдори ичириб, оёқларини иссиққа ўраб қўярди. Энди бундай ғамхўрлик қиладиган меҳрибони йўқ. Бечора чол келинининг муомаласидан зада бўлиб қолган, юрак ҳовучлаб ўтиради. Назира Самандарнинг қулоғига қуя-қуя шаҳарга кўчиб кетишга кўндирди.
- Ота, - деди Самандар, - қатнаб ишлаш жонимга тегди. Шаҳардан уй олдим, кўчамиз. Сиз ҳозирча шу ерда яшаб турасиз, сал ўзимизни эплаб олгач, олиб кетамиз.
Ўғлининг отасини ёлғиз ташлаб кетмоқчи эканлиги Норқул бувани қаттиқ ранжитди: “Наҳотки бу ўша елкамда опичлаб катта қилган ўғлим бўлса”.
- Менга ким қарайди, болам?
- Ҳозирча ўзингиз бир амаллаб турасиз, - деди Назира эрининг гапини маъқуллаб. - Ўзим хабар олиб тураман, ана, қизларингиз, набираларингиз қарашиб туради…
Норқул бува ҳайҳотдай ҳовлида сўппайиб, ўзи қолди. Егулик-ичкилик тайёрлашга ҳам холи келмайди. Базан оч-наҳор ётади, уйқуси қочади, раҳматли кампири тушларига кириб, ҳолига ачиниб, бошини сарак-сарак қилади, ваҳима босиб, дод, деб юборгиси келади. Бугун азойи бадани қақшаб, игнанинг устида ётгандай инграниб чиқди. Эрталаб Самандарга қўнғироқ қилиб, тушолмади. Таниш дўхтирлари кўп, олиб борар, деб келганди. Келиннинг гапи суяк-суягидан ўтиб кетди. Лекин сир бой бермади, ўзини эшитмаганга олиб, муддаога ўтди.
- Ўғлим, аҳволим яхши эмас, дўхтирга олиб бор!
- Шуни айтиш учун овора бўлиб келдингизми?
- Ахир телефонни кўтармадинг-да!
- Бугун вақтим йўқ, ота, келинингизнинг укаси тўй қиляпти. Ҳозир бозорга тушиб, совға-салом олиб боришимиз керак. Эртага вақтим бўлса, албатта, олиб бораман. Хоҳласангиз, бугун шу ерда қолинг, хоҳласангиз, уйа қайтинг.
Норқул бува ундан ёрдам сўраб келганига пушаймон бўлди.
- Майли, хотининг билан тўйга боравер. Мен уйга қайтаман. Агар малол келмаса, автобусга чиқариб кузатиб қўярсан...
- Ота, айтдим-ку, вақтим йўқ, бозорга боряпмиз, деб. Ана, нариги кварталга ўтсангиз, қишлоққа кетадиган машиналар бекати бор…
Норқул бува Самандарникидан қайтгач, туни билан тўлғаниб чиқди. Шу пайтгача энг азиз одамим, деб юрган ёлғиз ўғли ғурурини оёқости қилганди.
Эрталаб дўхтирга ўзи бориб келиш учун йўлга отланди. Ҳассасини тўқиллатиб, оғир-оғир нафас олиб, бекатга етиб келди. “Художон, ўзинг раҳм қил, кўча-кўйда йиқилиб қолмайин”. У ҳолсизланиб, ўриндиққа чўкди. Бекатда ҳеч ким йўқ. Афтидан автобус ҳозиргина келиб кетганга ўхшайди. Ҳассасига суяниб, хаёлга толди. У Самандардан қаттиқ ранжиган эди. Ёнига келиб тўхтаган машина хаёлини бўлди.
- Ассалому алайкум, отахон, тузукмисиз, нега бу ерда ўтирибсиз? - ҳайдовчи чаққон келиб, бува билан кўришди.
- Ва алайкум ассалом, Рустаммисан? - Норқул бува Самандарнинг жўрасини таниб, қучоғини очди. - Ҳа, қаричилик-да, дўхтирга бир кўриниб келай, деб чиққандим, машина кутиб турибман. Хўш, ўзинг бардаммисан, келин, неваралар яхшими?
- Яхши, овора бўлибсиз-да, Самандар жўрага айтмабсиз-да, ғиз этиб олиб бориб келарди.
- Иши кўп, безовта қилмайин дедим, - Норқул бува овози титраб, хўрсинди.
- Хўп, унда машинага чиқинг, ишга кетяпман, йўл-йўлакай поликлиникага ташлаб ўтаман.
Норқул бува дўхтирларга учрашиб чиққач, ўзини анча тетик ҳис қилди. Барака топсин, дўхтир йигит бувани уринтирмай, зарур врачларни, лаборантларни хонасига чақиртириб обдон текширди.
- Хавотирли жойи йўқ, отахон, бироз толиқибсиз. Мана бу дориларни ичсангиз, бир ҳафтада отдай бўлиб кетасиз. Саломат бўлинг!
- Раҳмат, ўғлим, умринг узоқ бўлсин! - Норқул бува дўхтир йигитни дуо қилиб, поликлиникадан чиқди. Бекатга қараб борар экан, орқасидан машина келиб тўхтади, қараса Рустам.
- Қалай, отахон? Дўхтирга учрашиб чиқдингизми?
- Ҳа, барака топишсин, обдон текшириб, дори ёзиб беришди, хавотирга ўрин йўқ экан.
- Унда машинага мининг, сизни уйингизга олиб бориб қўяман. Йўлимиз тўғри келиб қолди-да!
- Сени ҳам уринтириб қўйдим-да, болам. Бахтимга дуч келганингни қара, бўлмаса, анча сарсон бўлар эканман.
Рустам Норқул бувани уйига олиб келди.
- Барака топ, ўғлим, Худо омадингни берсин, отангга раҳмат! Овора қилдим, узр, ишдан қолдингда.
- Иш қочмайди, отахон. Ғанимат отахонларнинг дуосини олишдан ҳам зарур иш борми?
- Балли, болам, - Норқул бува Рустамни меҳр билан бағрига босди. Ўз ўғлидан топмаган меҳрни бегона йигитдан топганди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.