Баҳрайн-2025, II Ёшлар Осиё ўйинлари: Ўзбекистон ўз иштирокини 81 та медаль билан 2-ўринда якунлади

Бугун Баҳрайн пойтахти Манама шаҳри мезбонлик қилаётган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинлари якунига етади.

Ўзбекистон спорт делегацияси кеча комплекс мусобақадаги иштирокини якунлади. Хусусан, III Ёшлар Осиё ўйинлари доирасидаги дзюдо мусобақаларида Ўзбекистон вакиллари муваффақиятли иштирок этди. Мусобақада Нуробод туманининг фарзанди, иқтидорли спортчи Жўрабек Эшпўлатов -90 кг вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, III Ёшлар Осиё ўйинлари чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Умуман, олганда, делегациямиз III Ёшлар Осиё ўйинларида тарихий натижа қайд этди. Бундан аввалги мусобақаларда умумий медалларимиз 10 тага ҳам етмаганди.

Манама спорт ареналарида оз эмас, кўп эмас, умумий ҳисобда 81 та медаль қўлга киритилди. Спортчиларимиз 37 та олтин, 16 та кумуш, 28 та бронза медалига эга чиқишди. Бу борада умумжамоа ҳисобида мустаҳкам 2-ўринни эгалладик.

Учинчи поғонадаги Қозоғистон терма жамоаси 24 та олтин, 29 та кумуш, 40 та бронза, жами 93 та медални расмийлаштирди. Медаллар сони бўйича қўшниларимиз биздан устунлик қилишди. Биз эса медаллар сифати бўйича ғолиб бўлдик.

Кутилганидек, Хитой спорт делегацияси катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади. Чин юрти спортчилари 63 та олтин, 49 та кумуш, 35 та бронза, жами 147 та медаль билан тақдирланишди. Кучли 10таликдан Эрон, Таиланд, Ҳиндистон, Гонконг, БАА, КХДР ва Хитой Тайпейи терма жамоалари жой олди.

Жами 29 давлат терма жамоалари мусобақанинг камида 1 та олтин, 36 таси бронза медалини қўлга киритди. Қўшниларимиз Тожикистон (2 та олтин, 3 та кумуш, 15 та бронза) 18, Қирғиз Республикаси (1 та олтин, 9 та кумуш, 11 та бронза) 21, Афғонистон (1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та брона) 24, Туркманистон эса (1 та олтин, 1 та кумуш, 4 бронза) 27-ўринни банд этди.

Бугун Ёшлар Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади ва унда навбатдаги мезбон Камбожага мусобақанинг рамзий байроғи топширилади.