Осиё ўйинларида 43 нафар самарқандлик спортчи иштирок этади
Ўтган йил сентябрь-октябрь ойларида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ёзги Осиё ўйинлари номаълум муддатга қолдирилган эди. Ушбу спорт ўйинлари жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари ўтказилиши белгиланган.
Мусобақаларга Ўзбекистон делегацияси таркибида 423 нафар спортчи 39 спорт туридан иштирок этиши кутилмоқда.
Вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси вакили Аҳрор Шамсиевга кўра, спортчиларнинг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида ҳудудий дастур ишлаб чиқилган. Асосий ва ёрдамчи спорт базалари сифатида 30 дан ортиқ спорт иншооти ажратилган. Шунингдек, саралаш мусобақалари ташкил этилиб, иқтидорли спортчилар танлаб олинган.
Айни пайтда мусобақаларга номзод сифатида саралаб олинган 43 нафар спортчи 17 спорт туридан Тошкентдаги ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этмоқда. Бу республика бўйича терма жамоа сафида Осиё ўйинларига иштирок этаётган спортчиларнинг умумий 10,2 фоизини ташкил этади.
Президент қарорига кўра, мазкур спорт ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчиларга 10 минг ва тренерларига 5 минг, кумуш медалга сазовор бўлган спортчиларга 5 минг ва тренерларига 2500, бронза медали учун спортчиларга 2500 ва тренерларига 1250 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.