Амирхон Муродов: “Фақат ғалаба ва Ватанимиз шаъни учун курашдик”

Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси таркибида юртимиз шарафини ҳимоя қилган футболчилар орасида икки нафар самарқандлик спортчи - пахтачилик Амирхон Муродов ва оқдарёлик Фариджон Абдуллаев ҳам бор.
Жорий йилнинг 20 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси Осиё кубоги финалида Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида енгиб, икки карра Осиё чемпиони бўлди.
Ўзбекистоннинг ушбу турнирдаги илк ғалабаси 2012 йилда бўлганди. Ғалабадан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоиловни «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони ва футболчиларни «Келажак бунёдкори» медаллари билан тақдирлади. Шунингдек, чемпионларга Президент совғаси — автомобиллар ҳам топширилди.
Фарзанд ютуғи ота-она учун энг катта бахт
Амирхон Муродов 2008 йилда Пахтачи туманининг Добусқалъа маҳалласида туғилган. Тумандаги 35-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Пахтачи тумани спорт мактаби тренери Шоҳруҳ Бобошеров қўли остида 2018 йилдан футбол билан шуғулланишни бошлаган. Амирхонни ўзи туғилиб ўсган маҳаллада ва таҳсил олган Самарқанд футбол академиясида ҳам тантанали кутиб олишди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда туман ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси масъуллари, чемпионнинг оила аъзолари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Чемпионнинг шижоати, ютуқлари, ота-онаси ва устозларининг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
- Ўғлим ёшлигидан математика ва инглиз тили фанига қизиқарди, - дейди Амирхоннинг онаси Ҳилола Холмуродова. - Ўқитувчи бўлганим учунми, ўзим ҳам ўғлимни кўпроқ илм ўрганишини истардим ва доим назорат қилардим. Лекин у 8-синфлигидан футболга меҳр қўйди. Отаси билан келишиб футбол тўгарагига бердик. Тумандаги спорт мактаби мураббийи Шоҳруҳ Бобошеров қўли остида шуғулланиб, Самарқанд футбол академиясига қабул қилинди. Кўп ўтмай, Навоий вилоятида 15 ёшлилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ўшанда ўғлим Исломбек Исмоилов эътиборига тушиб, дастлаб "Пахтакор" футбол академиясига, кейин U-17 терма жамоасига чақирилди.
Осиё кубоги ўйинларига келсак, осон беллашув бўлмади. Жумладан, финал баҳси жуда ҳаяжонли, қийин ва асабий учрашув бўлди. Айниқса, иккита қизил карточкадан кейин ютқазиб қўйишмасин деб юрагимни ҳовучлаб ўтирдим. Лекин футболчиларимиз ирода кўрсатиб, чемпионликни қўлга киритди. Улар орасида фарзандимнинг ҳам борлиги, Президентимиз томонидан давлат мукофоти билан тақдирланиши ва жаҳон чемпионатига йўлланма олингани биз учун фахр, энг катта бахт.
“Фақат ғалаба ва Ватанимиз шаъни учун курашдик”
Амирхон Муродов мезбон Саудияга қарши финал ўйини ва 9 киши бўлиб қолишганидан кейин мураббийнинг танаффусда нималар дегани ҳақида гапириб ўтди.
- Жамоадошларимиз билан ҳар бир ўйинда фақат ғалаба ва Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонга тушдик, - дейди марказий ҳимоячи Амирхон Муродов. - Биринчи бўлимда иккита четлатишдан кейин ҳам ўзимизни йўқотмадик. Танаффусда бош мураббий "Йигитлар, ўйинни қутқара оласизларми, бизга бутун Ўзбекистон кўз тикиб турибди. Мен сизларга ишонаман, сиз ғалабага ҳақли", деди. Биз ҳам охирги дақиқаларгача Ўзбекистон учун фақат ғалаба қозонамиз ва буни уддалаймиз деб ваъда бериб, амалда исботладик. Энди ноябрь ойида Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаймиз ва энг яхши натижалар, ёрқин ғалабалар учун майдонга тушамиз.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 22-рақам остида тўп тепган ҳужумкор ярим ҳимоячи Фариджон Абдуллаев Оқдарё туманидаги Амир Темур маҳалласида туғилган. Дастлаб тумандаги 45-умумтаълим мактабида ўқиган. Отаси Нодир Тилавов ҳарбий соҳада хизмат қилаётганлиги боис Фариджон оиласи билан Тошкентда яшайди. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги футбол академиясида Асатилло Набиев қўли остида машғулотларда иштирок этмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.