Қайси давлатлар Самарқандга қайси соҳаларга сармоя киритяпти?

2025 йилда вилоятимизга 3,6 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгиланган. Биринчи чорак учун эса бу режа 509,3 миллион долларни ташкил этади. Йилнинг ўтган даврида вилоятимизга 547,2 миллион доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 123 фоизга таъминланган.

Вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Собиров жалб қилинган сармоялар ҳақида маълумот берар экан, маблағларни давлатлар кесимида таҳлил қилди. Унга кўра, Хитой (217,9 миллион доллар), Туркия (29,3 миллон), Россия (40,2 миллион), БАА (14,8 миллион) ва бошқалар ҳиссасига тўғри келган.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрида Хитой билан ҳамкорликда “Азиа Металл Проф” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан “Пўлат эритиш ва қора металл ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида 82,2 миллион доллар, Қўшработ туманида “Си Тонг Стоун” МЧЖ томонидан гранит тошини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси доирасида 6 миллион доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.

Режага асосан, 2025 йилда вилоятнинг экспорт ҳажмини 850 миллион долларга (617,7 миллион доллар саноат маҳсулотларини ҳамда 232,3 миллион доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) етказиш белгиланган. Қўшимча имкониятларни ишга солган ҳолда, жорий йилда вилоятнинг жами экспорт ҳажмини 970,7 миллион долларга (627,5 миллион доллар саноат маҳсулотлари ҳамда 343,2 миллион доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) етказиш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йилнинг I чорагида 229,3 миллион доллар қийматидаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, кўзлангандан 161,2 фоизга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 152 фоиз) ортиқ маҳсулот сотилган. Шундан, саноат маҳсулотлари экспорти 174,2 миллион доллар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 55,1 миллион долларни ташкил этган. Яъни, вилоятдаги 374 та корхона томонидан жами 579 турдаги маҳсулот экспорти амалга оширилган. Яхши томони Кипр, Чили каби янги бозорлар ўзлаштирилиб, экспорт географияси янада кенгайган.

-  Жорий йилда вилоятдаги корхоналар билан манзилли ишлар ташкил қилиниб, 30 та салоҳиятли корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди, - дейди Ш.Собиров. – 10 га яқин янги турдаги маҳсулот, жумладан, қайта ишланган узум чиқиндиси, теридан ишланган сумкалар, шиша толалари экспортга чиқарилиб, уларнинг ҳажми 1,4 миллион долларга етказилди. Анъанавий бозорлар ўрнига Европанинг юқори қийматли Франция, Германия, Италия, Буюк Британия каби давлатларга умумий преференциялар тизими (GSP+) имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда экспорт амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда 7,7 миллион доллар қийматидаги маҳсулотлар Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилинди. Мисол учун, Россия давлатига экспорт қилувчи “Зарафшон Текстил” МЧЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 1,1 миллион доллар қийматидаги кийим-кечак маҳсулотларини Германия давлатига етказиб бериш йўлга қўйилди.

Экспортнинг ортгани, янги иш ўринлари ташкил этилгани ва кўп сармоя жалб қиланаётгани қувонарли, лекин киритилаётган маблағлар асосан АҚШ, Европадан кўра Хитойдан кўп инвестиция жалб этилмоқда ва уларнинг аксарияти ерости бойликларини қазиб олиш, текстиль каби соҳаларга киритилмоқда. Нега микрочиплар ишлаб чиқариш, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, робототехника ва юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сармоя киритиш ишлари сустлигича қолмоқда?

Бу саволга жавоб берар экан Ш.Собиров "Яқин йиллардан бошлаб дунёга очилдик ва кенг кўламли савдо алоқаларини йўлга қўйдик, - деди. - Бунда қисқа вақтда юқори технологияларни олиб келишнинг имкони йўқ. Чунки, бунинг учун етарли тажриба, бу соҳаларда юқори малакали кадрлар етишмовчилиги бор. Европа давлатларининг ўзларида бироз мураккаб жараён кечмоқда, шундай бўлса-да Италия, Испания, Франция давлатлари билан ишлар олиб бориляпти, лекин Европа, АҚШ бошқа ҳудудда бирдан иш бошламайди ва бирдан катта сармоя киритмайди. Бунинг учун анча вақт талаб этилади. Ҳозир ҳам бизда замонавий технологиялар йўқ эмас, масалан “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарда юқори технологиялардан фойдаланаётган корхоналар бор. Яна бир оғриқ масаламиз, логистика тармоғи билан боғлиқ. Дунёда энг арзон транспорт денгиз йўли ҳисобланади, бизда эса бу имконият чекланган. Бу экспорт қилинаётган маҳсулотнинг таннархига ҳам таъсир қилади, қолаверса, рақобатни енгиб, янги бозорга бирдан кириб бўлмайди, аввало, ишонч бўлиши керак. Бунинг учун тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиб маҳсулотларимизни сотиш борасида иш олиб боряпмиз. Ҳозир Европа давлатларида ҳам маҳсулотларимизга ишонч ортди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.