Очиқликка кўникинг, биродар!
Бу ҳақда гапирилмаган гап қолмади. Ҳатто очиқлик, ошкоралик давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган бир пайтда ҳам айримларга (раҳбарлар ҳам шулар сафида) уни бот-бот тушунтиришга тўғри келяпти.
Негаки, йиллар давомидаги кўникмамизни синдириш қийинроқ кечяпти, аммо тан олиш керакки, очиқликни чин кўнгилдан истаган фуқаро ҳам, раҳбар ҳам кўп нарсага эришяпти. Айримлар тан олишни истамаяпти-ю, лекин жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришларни, аниқроғи, жамиятимизнинг ўсаётган савиясини хорижда ҳам тан олишяпти.
Очиқликнинг фойдаси нимада?
Биринчидан, у ҳар қандай кишига ҳам, раҳбарга ҳам ҳаётини, ишини режалаштиришни ўргатади. Ўз ниятини бировлар билан маслаҳат қилишга чорлайди. Натижада хатолардан холи бўлиб, бошлаган юмушини муваффақиятли якунлайди.
Иккинчидан, ҳар қандай раҳбар қанчалик маҳоратли, уддабурон бўлмасин, обрўга ёлғиз эриша олмайди, жамоатчиликка суянади. Жамоатчилик эса барча лойиҳалар, режалар ижросини назорат қилишда унга ёрдам беради. Бироқ, ҳеч нарсадан хабари йўқ жамоатчилик нимани ҳам назорат қила олади?
Учинчидан, очиқлик инсоннинг қалбига эзгу ниятларни, феълига эса яхши фазилатларни сингдиради. Яъни, бошқаларни ҳам эшита билиш, фойдали маслаҳатларни қабул қилиш ва эришилган натижанинг қувончини бошқалар билан баҳам кўра олиш. Бу эса, шубҳасиз, ҳар бир раҳбарга обрў келтиради.
Тўртинчидан, очиқлик масъулиятни оширади. Хом-хатала нарсаларни кўпчиликка маълум қилмаймиз, шахсий манфаатлардан тийиламиз, энг муҳими, олиб бораётган ишимиздан барчанинг хабардорлигини таъминлаймиз. Назаримда, айнан шунинг учун ҳам ўртамиёна ёки савияси паст раҳбарлар очиқликни хуш кўришмайди.
Минг афсуски, ана шу мазмун-моҳиятни барча бирдек тушуниб етмаяпти. Баъзи ташкилотлар веб-сайтларига назар ташласангиз, алмисоқдан қолган маълумотлар ва эскириб кетган ахборотлардан бошқа нарсага кўзингиз тушмайди. Ахборот хизматларининг вазифаси бўлиб ўтган воқеа ҳақидаги маълумотни сайтга қўйиш эмас, балки одамларни режалаштирилган лойиҳалардан хабардор этишдир. Қани, келгусида бизнинг ҳудудда нима янгиликлар бўлар экан, деган фикрда одамлар сайтга кўпроқ киришади.
Аслида очиқ бўлиш кўп меҳнат ҳам, асаб ҳам талаб қилмайди. Мисол учун сизга фуқародан шикоят келди. Уни ўринбосарингизга юборасиз, у эса бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғи бу юмушни бирорта ходимига топширади. Ана шу тажрибасиз ёки ношуд ходимнинг масалани пухта ўрганмаслиги, нотўғри хулоса чиқариши кейинчалик фуқаро ва яна бошқа ўнлаб ташкилотларнинг оворагарчилигига сабаб бўлади. Сиз бу хатони тўғрилаш ўрнига ўзингизни оқламоқчи бўлиб бошқа хатоларга ҳам йўл қўясиз.
Келинг, бир тасаввур қилайлик. Агар сиз шу шикоят асосида муаллиф ҳузурига маҳалла оқсоқоли, шу ҳудуддан сайланган депутат, журналист ва блогерлар билан бирга борсангиз, масалага тегишли мутахассасларни ҳам чақирсангиз ҳамда муаммони биргаликда ўргансангиз, масала ўша ернинг ўзида ечимни топиши табиий. Негаки, бу ҳолатда орага шахсий манфаат ҳам, шахсий муносабат ҳам кира олмайди.
Очиқликка оғир бўлса-да, оғриниб бўлса-да, кўникяпмиз. Бинобарин, давлатимиз раҳбари бу сиёсатда орқага мутлақо йўл йўқлигини такрор ва такрор айтяпти.
Очиқлик халққа меҳр бериш, халқ билан маслаҳатлашиш, халқнинг дардини енгиллатишга хизмат қилади. Шу сабабли қалби ҳам, фаолияти ҳам очиқ раҳбарлар доимо иззат-икромда. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир раҳбар ана шундай шараф сари интилиши лозим.
Фармон Тошев.