Одам савдоси билан шуғулланаётган самарқандлик аёллар қўлга олинди
Бир маротаба кечирилган аёл ўзига тўғри хулоса чиқармади.
29 январь куни 28 ёшли Шоира Н., ва 32 ёшли Нилуфар Р., лар Мухлиса исмли шахсга Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиш орқали моддий маблағ орттиришни таклиф қилганликларини, унга Истанбул шаҳрига бориш учун барча йўл кира ва бошқа харажатларини тўлаб беришларини ваъда қилиб, жиноий шериклари ҳозирги кунда Туркия давлатида яшовчи Наргиза Г., исмли шахснинг олдига Тошкент халқаро аэропорти орқали юбораётган вақтларида ҳуқуқни муҳофаза қиливчи орган ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Шоира Н., ва Нилуфар Р., ларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида Шоира Н., муқаддам шу каби содир қилган хатти-ҳаракатлари туфайли Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан судланиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, афв этилганлиги аниқланди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.