Одам савдоси қурбонига айланаётганлар кимлар?
Одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига бир неча сабаблар бор.
Булар, биринчидан, одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги.
Иккинчидан, одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни, энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи, уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар.
Учинчидан, одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, одам савдосининг қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида.
Тўртинчидан, одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.
Буларни ҳар бир киши бутун вужуди билан ўйлаши, мушоҳада қилиши керак. Қадамимизни ўйлаб босайлик.
А.Мамараҳимов, жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг раиси.
А.Ҳайдаров, судья.