30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни

Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни БМТ Бош ассамблеясининг 2013 йил декабрдаги қарори билан ташкил этилган. Сана тасодифан танланмаган: 2010 йилнинг айнан шу куни БМТ одам савдосига қарши кураш бўйича глобал ҳаракатлар режасини қабул қилди.

Ҳозирги кунда дунёнинг бир қатор мамлакатларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш глобал кўлам касб этмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб 20 миллиондан ортиқ одам мажбурий меҳнат қурбонига айланган.

БМТ маълумотига биноан, 2017 йилдан 2018 йилгача дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакатларида 74,5 дан ортиқ фуқаро одам савдоси қурбони сифатида қайд этилди.

Уларнинг энг кенг тарқалгани - жинсий эксплуатация (50 фоиз), ундан кейин мажбурий меҳнат (38 фоиз). Қурбонларнинг 70 фоизига яқини аёл ва қизлар бўлиб, улардан кўпинча жинсий эксплуатация ёки мажбурий меҳнат учун фойдаланилади. Глобал миқёсда ҳар бир аниқланган қурбоннинг учдан бири қиз боладир.

Сўнгги 15 йил ичида одам савдоси қурбонлари орасида болалар улуши уч баробар, ўғил болалар нисбати эса 5 баробар ошди. БМТ ҳисоб-китобига кўра, одам савдосидан йиллик 150 миллиард долларлик даромад дунёдаги энг йирик ноқонуний даромад манбаи ҳисобланади.

Ташкилот аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида одам савдосига қарши глобал ташаббус - "Мовий юрак" кампаниясини бошлади. Мақсад – одам савдосига қарши курашда халқаро ташкилот, ҳукумат, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва шахслар томонидан қўллаб-қувватлашга сафарбар этишдир. «Мовий юрак» ҳар йили одам савдосига қарши курашнинг тобора эътироф этилаётган халқаро рамзига айланмоқда. Бу қурбонлар қайғусини акс эттирувчи рамзий маънога эга бўлиб, инсон қанчалик «юраксиз» бўлиши мумкинлигини эслатиб туради.

2021 йилда Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни шиори – «Қурбонлар овози – йўл кўрсатади».

Кампания мавзуси қурбонларни одам савдосига қарши курашнинг асосий иштирокчилари сифатида ифодалайди ва ушбу жиноятнинг олдини олиш, қурбонларни аниқлаш ва қутқариш ҳамда уларни реабилитация йўлида қўллаб-қувватлаш бўйича самарали чораларни ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнайди.