Одамлар ҳокимдан нима сўраяпти?

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг бугун Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида ўтказилган сайёр қабулида ҳокимга мурожаат қилиш учун рўйхатдан ўтган фуқаролар сони эрта тонгда 100 нафар бўлса, соат 11:00 га яқин 400 дан ошиб кетди. 

Мурожаатлар кўплиги сабабини бир неча омилларда кўриш мумкин. Биринчидан, афтидан сайёр қабулда муаммонинг ҳал бўлиши осонроқ, қабулга кириб, вилоят ҳокимига масалани айтасиз ва шу ернинг ўзида масъул раҳбар муаммодан хабардор қилинади ва тезда кўриб чиқилади. 

Аммо қабул чоғидаги кузатувимиздан билдикки, вилоят ҳокими қабулига келиб, шахсан ўзидан сўрамаса ҳам ҳал бўладиган масалалар кам эмас. 

Масалан, бугунги қабулда фуқаролардан бири вилоят ҳокимидан санаторияга йўлланма сўради. Мурожаат ижобий ҳал этилиши учун шу ернинг ўзида вилоят касаба уюшмалари кенгаши масъуллари жалб этилди.

Ҳамма ҳам яхши дам олишга ҳақли, эътироз йўқ. Лекин кенгаш вакилининг айтишича, фуқаро олдин мазкур муаммо бўйича уларга бирор марта мурожаат қилмаган. Эҳтимол, бошқа ташкилотларга ишончсизлик ҳам шундай йўл тутишга ундагандир.

Уй-жой билан боғлиқ мурожаатлар кўплиги ҳақида айтилади. Бу мурожаатларнинг ўзини ҳам иккига бўлиш мумкин. Айрим фуқаролар субсидия ва ёки бошқа қонуний ечими бўлган йўллар орқали уй олишга кўмак сўрамоқда ва уларга ёрдам кўрсатилмоқда. Яна айримлар эса “менга бепул уй берсангиз”, деган масала билан мурожаат қилмоқда. 

Шундай мурожаатлар борки, ҳар қанча харажат талаб қилмасин, фуқарони ноумид қайтариб бўлмайди. Бугунги қабулга Ургут туманидан келган фуқаролардан бири 38 ёшли ўғлига жигар циррози ташхиси қўйилгани, даволаниш учун жигар кўчириш талаб этилиши, амалиёт хорижда ўтказилишини айтди. Операция учун эса 30 минг АҚШ доллари керак. Қабулда мазкур маблағнинг тенг ярми ҳокимлик томонидан қоплаб берилиши айтилди.

Вилоят ҳокимининг сайёр қабулига ҳар бир фуқаро қайсидир муаммо билан келган, деб бўлмайди. Шунчаки, давлат бошқарув идораларига миннатдорчилик билдириш учун келганлар ҳам бор экан. 

Самарқанд шаҳрида яшовчи Кубаро Маҳмудованинг набираси шу вақтгача Украинанинг Киев шаҳрида таҳсил олган. Мамлакатда нотинчлик бошлангач, бутун оила аъзолари ундан хавотирда қолган. Ҳукумат саъй-ҳаракатлари билан бошқа талабалар қатори К.Маҳмудованинг набираси ҳам Ватанга қайтарилган.  

- Фарзандим юртимизга, уйга соғ-саломат келди. Шу ерда ўқишини давом эттирадиган бўлди, саросимали вазиятдан чиқиб кетдик. Шунинг учун расман миннатдорчилик билдиришга келдим, - дейди фуқаро. 

Дарвоқе, келган фуқаролар орасида деярли барча сайёр қабулларда қайсидир муаммо билан ташриф буюрадиган, деярли барча раҳбарларга таниш бўлиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Илож қанча, ҳеч кимга “Сиз ҳар сафар келасиз-ку” деб бўлмайди. Қабул барча учун-да.

 ***

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, аниқ ва тезкор чоралар ишлаб чиқиш мақсадида 2 апрель куни Нуробод тумани Сарой маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабул доирасида қатор мурожаатлар тингланди. Жумладан, бандлик, пенсия, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши, мактаб ва боғча қуриш, алимент қарздорлигини ундириш, табиий газ, электр энергиясидаги узилишлар, йўл масаласи, кредит олиш борасидаги муаммоларга масъуллар эътибори қаратилди.

- Йўлимиз 1981 йилда қурилган, - дейди Шерали Баратов. – Мана, қирқ йилдирки, ҳеч ким бу йўлга эътибор қилгани йўқ. Оқибатда кўча ўйилиб, Нуробод, Улус сингари бешта маҳалла фойдаланадиган йўлга жилла қурса тош тўкилса, деб келгандик. Вилоят ҳокими бу иш ҳозироқ бошланишини билдирди. Бу ҳақда масъулларга аниқ топшириқлар берди. 

Сайёр қабул давомида фуқаролар тўғридан-тўғри тегишли идора раҳбарларига ўз масала ва муаммосини айтиб, қонуний жавоб олди. Муҳими, ҳақиқатда муҳтож айрим кишиларнинг муаммоси шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди. 

Жумладан, ота-онаси, қолган Диёра Эргашева давлатнинг ғамхўрлигини ўз тақдири мисолида ҳис қилди. Негаки, укаларини оёққа турғазиш баробарида ўзи олий маълумот олиш истагида бўлган бу қизга вилоят ҳокими яқин бир ой ичида янги уй берилишини билдирди.

Самарқанд туманидан келган Ботир Қурбонов маҳаллага келтирилган табиий газ қувурларидан тармоқ тортиш борасида мурожаат қилди. Масала мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилиши таъкидланди. 

Сайёр қабул доирасида нурободлик Шавкат бахшининг китоб чоп этишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал бўлди. Масалага ечим топилганидан хурсанд бўлган бахшининг 11 ёшли ўғли Муҳаммад дўмбира чертиб, қўшиқ куйлади.

Умуман, аҳолининг муаммоларини аниқлаш, уларни ижобий ҳал этишда натижадорликка эришиш мақсадида ўтказилган сайёр қабул доирасида билдирилган мурожаатлар назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади. Зеро, халқ билан мулоқот, унинг дарду ташвишини тинглаш асносида мушкулини осон қилиш “инсон қадри учун!” шиорининг амалдаги исботи бўлиши шубҳасиз.

Самарқанд туманидан келган Ботир Қурбонов маҳаллага келтирилган табиий газ қувурларидан тармоқ тортиш борасида мурожаат қилди. Масала мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилиши таъкидланди. 

Сайёр қабул доирасида нурободлик Шавкат бахшининг китоб чоп этишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал бўлди. Масалага ечим топилганидан хурсанд бўлган бахшининг 11 ёшли ўғли Муҳаммад дўмбира чертиб, қўшиқ куйлади.

Умуман, аҳолининг муаммоларини аниқлаш, уларни ижобий ҳал этишда натижадорликка эришиш мақсадида ўтказилган сайёр қабул доирасида билдирилган мурожаатлар назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади. Зеро, халқ билан мулоқот, унинг дарду ташвишини тинглаш асносида мушкулини осон қилиш “инсон қадри учун!” шиорининг амалдаги исботи бўлиши шубҳасиз.