Одамлар ўзгарган

Бир ойдан ортиқ вақтдан буён Пахтачи туманида референдум тарғибот тадбирларига иштирок этиб келяпмиз.
Бу муҳим сиёсий жараёнга ҳеч ким бефарқ эмас. Катта-ю кичикнинг янгиланаётган Конституция ҳақида ўз фикри, тушунчаси бор. Бош қонунимизнинг қайси жиҳатлари ўзгармоқда, нима янгиликлар киритиляпти, бунинг оддий инсонлар учун қандай аҳамияти борлиги – ҳамма-ҳаммасидан халқимиз хабардор бўлмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 95 мингдан ортиқ пахтачиликлар референдумда овоз бериш учун рўйхатга олинган. Шу кунларда уларга таклифномалар тарқатилди. 43 та участканинг барчаси овоз бериш учун тайёр ҳолатга келтирилган. 30 апрель куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
Кўп йилдан буён бу каби сиёсий жараёнларда қатнашаётган киши сифатида айтишим мумкинки, одамлар ўзгарган, улар ўз келажагига, юрт эртасига эътиборсиз эмас. Улар референдумла фаол иштирок этишларига ишонаман.
Пахтачидаги маҳаллалар, корхона ва ташкилотлардаги тарғибот тадбирларимиз давомида хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш Ўзбекиситон Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири эканлигидан келиб чиқиб, ушбу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдик.
Хусусан, Кўрпа, Сардоба, Қувондиқ, Гулобод, Добусқалъа, Бурқут, Нурафшон, Гулшан маҳаллаларида яшовчи, ижтимоий кўмакка муҳтож ўндан ортиқ хотин-қизларга тикув машиналари, моддий ёрдам пули берилди.
13 апрель куни Шамсназар маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда эса аҳоли томонидан ўттизга яқин масала юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб, касаба уюшмалари билан боғлиқ масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Бошқа муаммолар эса туман ва вилоят масуълларига етказилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Кейинги бир ой давомида касаба уюшмаларининг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” дастури асосида 40 нафардан ортиқ пахтачилик хотин-қизлар Тошкент ва Хоразмга саёҳатга юборилди.
Суҳроб РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси
Самарқанд вилояти кенгаши раиси