Одамларнинг жисмоний фаоллиги кун сайин камайиб бормоқда, нима қилиш керак?

Жисмоний фаоллик нега кўпчиликда камайиб бормоқда, вазн ошишининг асосий сабаби нима, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Бу ҳақда вилоят спорт фахрийлари кенгаши раиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, профессор Ҳамроқул Рофиев ўз мулоҳазаларини билдирди.



86 ёшли фахрий спортчи 71 йилдан бери спорт билан шуғулланади. Жисмоний маданият атамалари, енгил атлетика ва гимнастика спорт турлари ҳақида 16 та ўқув қўлланма ва адабиётлар яратган. Соҳага оид тўрт юздан зиёд илмий мақолалари чоп этилган. Айни пайтда вилоятда аҳоли ўртасида соғломлаштирувчи спорт тадбирлари ва мусобақаларини ташкил қилиб келмоқда.

- Соғлом турмуш тарзи бугунги кунда долзарб масалага айланиб қолди, - дейди Ҳ.Рофиев. - Чунки одамларнинг жисмоний фаоллиги кун сайин камайиб бормоқда. Жумладан, инсоннинг моддий, маънавий ва жисмоний озиқланишини ҳисобга олсак, бу тушунчалар бир-бирининг нисбатини йўқотиб қўйди. Яъни моддий озиқланиш кучайиб кетди, маънавий озиқланиш ҳаминқадар, жисмоний озиқланиш эса зарурат учун бўлиб қолди.

Меҳнат қилмай қўйдик
Бундан 50-60 йил олдин инсон ҳаётида жисмоний фаоллик кучли эди. Уй юмушлари, деҳқончилик ишлари қўл меҳнати билан бажариларди. Аммо кейинги йилларда технологиялар ривожланиб, бундай юмушларнинг барчасини замонавий ускуналар бажаряпти. Шу боис одамлар жисмоний меҳнат қилмай қўйди. Бундан ташқари, олдин автомобиль ва заводлар кам эди, кўпроқ пиёда юриларди, ҳавода заҳарли моддалар озлиги сабаб иммунитет юқори эди. Ана шуларнинг барчаси одамларнинг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қиларди. Жумладан, ўша вақтларда аёллар ўнтагача фарзанд кўрган. Лекин кесарча усулидан фойдаланилмаган. Ҳозир эса она бўлаётган аёлларда бу каби ҳолатларни кўп учратамиз. Буларнинг олдини олиш учун аввало инсонларнинг соғлом турмуш тарзини маданиятга, анъанага айлантириш зарур.

Қорин авторитет эмас
Сўнгги йилларда семизлик касаллигига чалинганлар сони ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 3 миллионга яқин одам семизлик оқибатида вафот этади. Ҳозир дунёда 1 миллиарддан зиёд одамда ортиқча вазн бор. Шундан 380 миллионга яқини ўсмирлар ва болалардир.

Ортиқча вазн юрак, жигар, буйрак, бўғимларга салбий таъсир қилиши оқибатида қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, гипертония каби касалликларни келтириб чиқаради. Буларнинг барчаси нотўғри овқатланиш, меъёридан кўп ёғли таом ва ширинликлар тановул қилиш, ҳаракатсизлик, жисмоний тарбия билан шуғулланмаслик ҳамда вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслик натижасида юзага келади.

Ҳозир кўпчилик ҳатто ёшлар ҳам қоринни “авторитет” деб биляпти. Лекин ундай эмас. Қачонки, инсон соғлом бўлса, гавда ва тана аъзолари, мушаклар бир-бирига мувофиқлашган ҳолда ривожланса, шундагина “авторитет” бўлади. Бунинг учун эса спорт билан мунтазам шуғулланиш ва юқорида айтилган тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилмоқда. Бу бизга нима беради?
- «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури асосида беш йўналишда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ўтказилмоқда.

Вилоятда ҳам жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан спорт синовлари мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида қабул қилинмоқда.

Ушбу амалиёт аҳолининг жисмоний ҳолатини белгилаш билан бирга, оммавий спортга қамровни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда жисмоний маданият ва фаолликни оширишга хизмат қилади. Шундай экан, ҳар бир фуқаро спорт синовларини топширишни ўзининг бурчи деб билиши ва жараёнда фаол иштирок этиши керак.