Ўгай синглисига зўравонлик ва тазйиқлар ўтказиб келган ака жавобгарликка тортилди
Навоий вилоятида зўравонликдан жабр чекаётган икки ожиза “муштумзўр”лардан ҳимоя қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Кармана тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси туман ИИБга телефон орқали мурожаат қилиб, 1999 йилда туғилган, Кармана тумани, Фарҳод МФЙда истиқомат қилувчи К.Л. исм-фамилиядаги қизнинг тан жароҳати олган ҳолда шифохонага ётқизилганлигини маълум қилган.
Туман ИИБ ҲПБнинг олиб борган суриштирув натижаларига кўра, К.Л. бирга яшовчи, 1989 йилда туғилган ўгай акаси Ш.Б. томонидан калтакланган бўлиб, Ш.Б. ўзаро оилавий келишмовчиликлар натижасида бир неча бор зўравонлик ва тазйиқлар ўтказиб келган. Туман ИИБ томонидан Ш.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига асосан жавобгарликка тортилди.
Учқудуқ тумани, Ўзбекистон кўчасида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро А.Ю. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, бирга яшовчи турмуш ўртоғи, 1982 йил туғилган З.Д. томонидан ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида муросага кела олмаётганлигини, турли ваъжлар билан калтакланиб, тан жароҳати олганлигини маълум қилган.
Учқудуқ тумани ИИБ ҲПБ ўрганишлари натижасида З.Д. айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига биноан жавобгарликка тортилган.