"Ўғлим "Жасорат медали" билан тақдирланганини газетада ўқиганман"

Самарқанднинг мард ўғлони, лейтенант Сайёр Садинов Сурхондарё вилояти Узун ва Сариосиё туманларидаги жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этиб, террорчиларни йўқ қилиш жараёнида олган оғир жароҳати оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Нурободлик марҳум ҳарбий хизматчининг онаси Розия Садинова ўғлининг хотираларини шундай ёдга олади.

- Ўғлим ҳарбийликка ёшлигидан қизиққани ва мақсадлари сари тинмай меҳнат қилгани учун ўзи орзу қилган касб эгаси бўлди, - дейди Розия ая. -  Ҳарбий хизматдалигидаёқ икки минг аскар орасидан мерганлик бўйича биринчиликни қўлга киритиб, командирлари эътиборига тушди. У доим ютуқлари ва қаҳрамонликларини биздан сир тутарди. Ҳатто "Жасорат медали" билан тақдирланганини газетадан ўқиб билганман. 

Сайёржоннинг бу ютуқлари ва қаҳрамонликлари бизни қанчалик хурсанд қилган бўлса, унинг Ватан сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш  чоғида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар барчамизни қайғуга солди. Унинг жасорати, қаҳрамонлиги қалбимизда  абадий муҳрланди.

Ўтган йил фарзандимнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўзи туғилиб ўсган  Гирдиқўрғон маҳалласида унинг бюсти ўрнатилди. Унинг хизматлари ҳозиргача эътироф этилаётганидан жуда хурсандман.