Оила ва хотин-қизлар масаласи доимий эътиборда бўлиши зарур

Президентнинг шу йил 1 мартда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.

Аслида, шу пайтгача ҳам маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга масъул лавозим бор эди. У мутахассис, маслаҳатчи, йиғин раиси ўринбосари каби номлар билан аталди.

Хўш, энди-чи? Маҳалла фаолининг вазифаси нимадан иборат, унинг зиммасига қандай масъулият юкланган? Аввалги маслаҳатчидан фаолнинг нима фарқи бор?

  – Тўғри, шу пайтгача ҳам бизда хотин-қизлар қўмитаси фаолият кўрсатди, кейинчалик Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди ва улар зиммасида хотин-қизлар билан ишлаш вазифаси бор эди, – дейди Тойлоқ тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи  Ноила Камбаридинова. – Давлатимиз раҳбарининг шу йил баҳорнинг илк кунида қабул қилинган фармонлари билан оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Кўряпсизми, оила биринчи ўринга чиқмоқда. Ислоҳот ва янгиланишлар, ўзгаришлар оилада ўз ифодасини топмаса, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз кутилган самарани бермайди. Оилада эса қадрли опа-сингилларимиз, қизларимизнинг ўрни қанчалик муҳимлигини барчамиз яхши биламиз. Бу – энди оила ва хотин-қизлар масаласи янги ташкил этилган давлат қўмитаси (эътибор беринг, нодавлат ташкилот эмас) фаолиятининг асосини ташкил этади. Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ана шу қўмитанинг энг қуйи тизимдаги асосий таянчи, унинг фаолияти бутун тизимнинг юзи, асосий кўрсаткичи ҳисобланади.

  Хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий муҳитини ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ғояларини рўёбгача чиқариш, бандлигини таъминлаш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишларни бажариш, аёлларнинг муаммоларини аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак кўрсатиш каби муҳим вазифалар маҳалладаги фаолимиз фаолиятининг асосини ташкил этади. Аввалгидек фақат нотинч оилаларни яраштириш, уларга маслаҳат бериш, тўй-маъракаларни тартибга солиш эмас фаолнинг вазифаси. У энди маҳаллалардаги барча оилалар билан, турли ёшдаги хотин-қизлар билан ишлайди, уларнинг ҳаётини ўрганади, муаммоларни ўзи аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўради. Шунинг учун ушбу вазифага олий маълумотли, ишчан, ғайратли, аҳоли билан муомала, мулоқот қила оладиган чинакам фаоллар очиқ танловлар асосида танланди.

Туманимизда мавжуд 50 маҳалла фуқаролар йиғинига тайинланган хотин-қизлар фаолларининг 46 нафари олий, 4 нафари тугалланмаган олий маълумотли. Уларнинг 36 нафари 30-35 ёшда, 8 нафари 30 ёшгача, 4 нафари 36 ёшдан юқори. Тўрт нафар фаолларимиздан ташқари қолганлар маҳалла тизимида ишламаган – 18 нафари иқтисодчи, 32 нафари таълим соҳаси вакиллари.

Демоқчиманки, деярли ҳаммамиз учун (ўзим ҳам таълим соҳасидан келганман) ушбу тизим янги ва зиммамиздаги бурч ва масъулиятни англаган ҳолда фаолият кўрсатишга интиляпмиз.

Маълумотларга кўра, маҳалла фаоллари ўз фаолиятига киришгандан буён “Аёллар дафтари” ва аёллар баланси шакллантирилиб, ажрим ёқасига келиб қолган 24 та нотинч оила яраштирилди. 

“Аёллар дафтари”нинг 3-босқичига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 208 нафарига, уй-жой таъмирига муҳтож 23 нафарига, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд аёлларнинг 114  нафарига, боқувчиси бўлмаган 501 нафар хотин-қизга 1 миллиард 25 миллион сўмликдан ортиқ ёрдам кўрсатилди.

"Дафтар"да қайд этилган 17 нафар бемор ёки қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари бор аёлларга даволаниш, дори воситалари харид қилиш ва мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун харажатлар “Аёллар дафтари” жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланди.

– Оила – муқаддас, бу даргоҳда туғилган фарзанд ота-онаси бағрида вояга етиши керак, – дея сўзида давом этади Ноила Камбаридинова. – Аммо бугунги кунда никоҳ қурмасдан яшаб, фарзанд кўраётган оилалар, фарзандини тан олмаётган оталар ҳам орамизда йўқ эмас. Қонуний никоҳда бўлмай туриб, фарзанд кўрганлиги қайд этилган аёллар ёлғиз она ҳисобланади. Бу дегани, у бошқа бекалар, оналар сингари кўплаб ҳуқуқлардан фойдалана олмайди, ҳуқуқсиз, дегани. Натижада жамиятда бундай аёллар, фарзандлар билан боғлиқ кўплаб ижтимоий муаммолар келиб чиқади. Баъзан бу оғир оқибатларга ҳам олиб келади. Тўғри, ёлғиз оналар давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилинади. Лекин баркамол, соғлом фарзанд ўсиши учун аҳил оила, бир-бирини тушунадиган, фарзанди келажагини ўйлайдиган ота-она бўлиши керак. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг тўрт ойи давомида ёлғиз оналар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 тага ошган. Ноқонуний никоҳ асосида яшаётган оилалар учтага кўпайиб, 51 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳам кўпайган. Буларнинг барчаси биздан, хотин-қизлар фаолларидан аввало, маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, нафақат қизлар, балки йигитларни ҳам оилага тайёрлашга жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. Айнан шу йўналишда тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари, жамоатчилик билан фаол ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Ғ.Ҳасанов.