Океанда содир бўлиши мумкин бўлган қизиқарли ҳодисалар

Дунё океанининг майдони Ер юзасининг тахминан 71 фоизини ташкил қилади. Океан деярли дунё пайдо бўлганидан бери мавжуд бўлишига қарамай, биз у ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Океанлар ва денгизлар ўз қаърида инсоният ҳали яқин орада тадқиқ қила олмайдиган кўплаб ғаройиб ҳодисалар ва сирларни яширади.

Болтиқ ва Шимолий денгизларнинг “учрашиш” жойи


Бу ноодатий ҳодисани Болтиқ денгизининг чучук ва Шимолий денгизнинг шўр суви туташадиган чегарада кузатиш мумкин. Чучук сув билан солиштирганда, денгиз суви туз миқдори туфайли юқори зичликка эга. Айнан шу сабаб икки денгиз ҳеч қачон бир-бири билан аралашмаслиги, гўё кўринмас девор билан ажратиб қўйилганлигини тушунтиради. Икки бўғоздаги қарама-қарши оқим туфайли бу денгизлар орасидаги чегара ҳам аниқ белгиланган.

Қизил оқим

Ушбу ноодатий ҳодисани кўплаб денгизларда кузатиш мумкин. Қизил сув тошқини ёки илмий жиҳатдан сув ўтларининг зарарли гуллаши бир қарашда  чиройли бўлиб туюлса-да, жуда хавфлидир. Сув ўсимликларининг гуллаш жараёни шунчалик интенсив кечадики, улар ўзидан ҳар хил токсинлар ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқара бошлайди. Шунда нафақат сув, балки сувнинг бундай қизил жойлари устидаги ҳаво ҳам заҳарли бўлиб қолади.

Энг узун тўлқин


Бундай тўлқин Бразилияда йилига 2 марта кузатилиши мумкин. Февраль ойининг охири ва март ойининг бошларида Атлантика океанидан келадиган катта ҳажмдаги сув Амазон дарёси этагини юқорига кўтариб ташлайди. Дарё оқими океаннинг тўлқинли кучлари билан тўқнашиб, баландлиги 3,5-4 метрга етадиган дунёдаги энг узун тўлқинни яратади. Бразилияликлар бу ҳодисага Поророка номини беришган, бу маҳаллий қабила тилидан “шақилдоқ сув” деб таржима қилинади. Дарҳақиқат, тўлқиннинг баланд овози қирғоққа тушишидан ярим соат олдин эшитилади.

Қотил тўлқин

Бундай тўлқинлар фақат фильмларда бўлади, деб ўйлайсизми? Аслида, улар том маънода йўқ жойдан пайдо бўлади ва изсиз ғойиб бўлади. Кўпинча қотил тўлқинлар қуруқликдан жуда узоқ масофадаги океаннинг очиқ ҳудудларида пайдо бўлади. Санқи тўлқинларнинг баландлиги 30 метрга, баъзан эса ундан ҳам кўпроққа етиши мумкин.

Океанологлар узоқ вақт давомида бу ҳодисанинг мавжудлигини тан олишдан бош тортишди, чунки илм-фан нуқтаи назаридан табиатда 20 метрдан баланд тўлқинлар бўлиши мумкин эмас. 1995 йилда Шимолий денгизда 25 метр баландликдаги тўлқин қайд этилгандан сўнг олимлар қотил тўлқинлар ҳақиқат эканлигини тан олишга мажбур бўлишди.

Сувдаги гирдоблар

Барча денгизчиларнинг яна бир даҳшатли туши - икки оқим бирлашганда ҳосил бўладиган гирдоб чуқурлигидир. Океанда пайдо бўладиган бундай гирдоблар ичидаги сув ҳаракати тезлиги соатига бир неча километрга етиши мумкин. Энг машҳур гирдоблардан бири Норвегия денгизида жойлашган, ёзувчи Жюль Верннинг “Денгиз остидаги 20 000 лье” (лье - 4, 5 км.га тенг қадимги узунлик ўлчови – таҳр.) романида тилга олинган Мальстрем гирдобидир.

Биолюминесценция

Биолюминесценция - бу тирик организмларнинг нур сочиш қобилияти. Денгизда ёруғлик чиқарадиган организмлар ҳам яшайди, бундай жонзотлар колониялари қирғоқда тўпланганда ажойиб кўриниш ҳосил қилади. Океан бир ҳужайрали сув ўтларининг кўпайиши даврида шу тарзда нурланади.

Майда чироқлар шунчалик кўпки, денгиз суви кўк рангга бўялган сутга ўхшайди. Океандаги биолюминесценцияни кузатишда жуда эҳтиёт бўлиш керак: кўплаб сув ўтлари инсон саломатлиги учун хавфли токсинларни ишлаб чиқаради.

Баъзида бактериялар шу қадар катта сув майдонларини эгаллаб олиб,  ёритадики, уларни ҳатто халқаро космик станциядан ҳам осонгина кўриш мумкин.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.