"Олдига қўйганни емак..." овқатдан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин

Бундай ҳолатларга овқатланиш масканларининг санитария-гигиена талабларига мувофиқ иш юритмаслиги ҳамда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланмаган жойлардан сотиб олиши ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис вилоят, шаҳар, туман давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш борасида аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни ташкил этиб келмоқда. 
Бундан ташқари, ўрганишлар натижасида сифатсиз деб топилган 245 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 300 литр сут, 1 минг 137 килограмм мева-сабзавотлар, 800 литр уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари, жами 4 минг 845 килограмм озиқ-овқат маҳсулотлари аҳоли истеъмолидан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинди. 

Айтиш керакки, овқатдан заҳарланиш ҳолати оғир асоратларга олиб келиши билан хавфлидир. Унга эътиборсиз бўлиш, ўз вақтида шифокорга кўринмаслик инсон саломатлигига жиддий путур етказади. Овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш учун ҳар бир инсон ўзи истеъмол қилаётган озиқ-овқатига эътиборли бўлиши лозим. Авваламбор, кўчада ва белгиланмаган жойларда ноқонуний равишда, тиббий кўрикдан ўтмаган фуқаролар томонидан сотилаётган тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олмаслик керак. Умумий овқатланиш жойларида қўл ювиш учун шароит яратилган, гигиена воситалари билан таъминланган бўлиши керак. Кўчадаги овқатланиш масканларида тановул қилмоқчи бўлган кишилар ўша жойнинг ошхонасига ҳам эътибор қаратса, бундай жамоатчилик назорати турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этарди. 

О.БОЙҚОБИЛОВ,
вилоят ДСЭНМ бош врачи.