Ўлим тарқатувчиси: Юзлаб одамларга касал юқтирган “нолинчи бемор” Мэри Маллон қиссаси
Тиббиётда даҳшатли эпидемияларни бошлаб берган одам - «нолинчи бемор» тушунчаси мавжуд. Мэри Маллон, эҳтимол, тарихдаги энг машҳур «нолинчи бемор»дир. Унинг ўзи бу ҳалокатли ролини ҳар томонлама рад этиб, қайсарлиги қурбони бўлган ва ҳаётини ёлғизликда якунлаган.
Иқтидорли ошпаз
Бу ҳикоя 1869 йил 23 сентябрда Ирландияда бошланади. Мэри мутлақо соғлом фарзанд эди. У 15 ёшида қариндошларига қўшилиш учун Америкага кўчиб ўтади, у ерда дарҳол унинг омади чопади: у бой оилада ошпаз бўлиб ишга киришга муваффақ бўлади.
Ҳаётининг кейинги 30 йилида Мери ошпазлик маҳоратини оширади: эпчил аёл ҳақиқий истеъдодга эга эди, шунинг учун Мери на эҳтиёж, на ишсизликка йўлиқади. Лекин кейин ғалати нарсалар бошланиб кетди.
Биринчи ўлимлар
1900 йилдан 1907 йилгача Мэри иши борасида бешта оилани ўзгартиришга тўғри келди. Унинг иш берувчиларидан ҳеч бири ундан шикоят қилмаган - муаммо шундаки, аёл ишга кирган ҳар бир оила аъзолари тез орада касал бўлиб қоларди. Мэри Мамаронек шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ҳудудларда кўп йиллар давомида кузатилмаган тиф (ич терлама) эпидемияси бошланади. Кейин эса Мери Манхэттенга кўчиб ўтади, тез орада у овқат пиширган оила аъзолари иситмалай бошлаб, улардан бири аёл вафот этади.
Мерининг кейинги иш жойи маҳаллий адвокатнинг уйи бўлди: кўп ўтмай оилаинг саккиз аъзосидан етти нафари тиф билан касалланди, Мери эса ҳаммага ғамхўрлик қилар, бу эса вазиятни янада ёмонлаштирарди - тез орада тиф адвокатнинг уйидан ташқарига тарқалди. 1906 йилда Мэри Маллон Нью-Йорклик бой банкир Чарльз Генри Уоррен оиласига ошпаз бўлиб ишга киради. Ўша йили Уорренлар Лонг-Айленддаги уйни ижарага олишади ва Мери улар билан бирга у ерга кўчиб ўтади. 27 августдан 3 сентябрга қадар бу оиланинг 11 аъзосидан олти нафари тиф билан касалланади. Хуллас, Мэри қаерга бормасин, ич терлама унинг орқасидан эргашарди.
Шифокор изга тушди
1906 йил 4 августда у янги оилада иш бошлади ва атиги уч ҳафта ўтгач, оила аъзолари касалланади ва оила тиф тадқиқотчиси Жорж Соперга мурожаат қилади, у текшириш ўтказади ва том маънода ошпазни «жиноят устида» қўлга олади: ўшанда Мэри ошпаз сифатида қабул қилинган кейинги иш жойида икки хизматчи касалхонага ётқизилган ва уй эгасининг қизи вафот этганди.
Сопер Мэри Маллонга ич терламага таҳлилдан ўтишни таклиф қилади ва ҳатто ўзи билан учрашувга шифокорни олиб келади, лекин аёл қатъиян рад этади: биринчидан, у ўзини мутлақо соғлом ҳис қилар, иккинчидан, ўша пайтда ирландиялик муҳожирлар ўзларини иккинчи даражали фуқаролардек ҳис қилишган: улар «касаллик тарқатувчи қароқчилар» сифатида тасвирланган. Табиийки, Мэри Сопернинг бу таклифини ҳақорат сифатида қабул қилди. Сопер ўз тадқиқотини Америка Тиббиёт Ассоциацияси журналида чоп этади ва «Тиф тарқатувчи Мэри» атамаси айнан ўша ерда пайдо бўлади.
Мэри ҳибсга олинди
Нью-Йорк Давлат департаменти хавфли ошпаз билан қизиқиб қолади ва у қамоққа олинади. Қамоқхонада Мери биринчи марта синовдан ўтказилади ва унинг ўт пуфагида тифга ўхшаш бактериялар ўчоғи борлиги аниқланади. Шифокорлар унга ўт пуфагини олиб ташлашни таклиф қилишади, лекин аёл қатъиян рад этади – негаки, ич терлама ўта оғир ва тез ривожланадиган касаллик, Мэри эса ўзини жуда яхши ҳис қиларди ва унда ҳеч қандай аломатлар топилмаганди.
Карантин ва текширувлар
Шундан сўнг, штат қонунига асосланиб, Мэри Норт-Бразер оролидаги касалхонага юборилади. Ошпазнинг карантини уч йил давом этиши керак эди. Шифокор уни бир шарт билан карантиндан озод қилишга қарор қилади: у бошқа ҳеч қачон ошпаз бўлиб ишламайди ва бошқа одамларга овқат тайёрламайди. 1910 йил 19 февралда Мери Маллон қасамёд қилгач, озод қилинади ва материкка қайтади.
Бошқа исм, ҳибс ва умрбод карантин
Собиқ ошпаз меҳнати оғирроқ ва ундан ҳам ёмонроғи кам тўланадиган кир ювувчи бўлиб ишга киради. Шунинг учун тез орада Мери Маллон ўз исмини Мери Браунга ўзгартиради ва яна ошпаз сифатида ишга киради. 1915 йилда у Слоун аёллар касалхонасида ишга жойлашиб олади. Кўп ўтмай, бир вақтнинг ўзида 25 киши касал бўлиб улардан бири вафот этади. Дарҳол шахси аниқланиб, Мэри ҳибсга олинади. Унинг оролдаги иккинчи карантини 1915 йил 27 мартда бошланади ва умрининг охиригача давом этади.
Мэри 1938 йилда худди шу оролда тифдан эмас, балки пневмониядан вафот этади. Шундай қилиб, тарихдаги биринчи «нолинчи бемор» шифокорларга бутунлай соғлом бўла туриб, хавфли касалликни юқтириш мумкинлигини исботлаган дунёдаги биринчи одам бўлди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.