Олий таълим тизимида энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ

Ўтган 9 ойда тизимдаги 70 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятларни содир қилган. Тизимда энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилишда маълум қилинди.

Нострификация жараёнида коррупциявий омиллар танқид остига олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси Ш. шериклари орқали 4 нафар фуқародан хорижий дипломларни нострификация қилиб бериш эвазига 6.500 доллар олганда ушланган.

Таълим сифатини назорат қилишга масъул идорага хорижий дипломни нострификация қилиш, яъни бошқарув идораси функциясининг берилиши коррупциянинг олдини олиш имконини чеклаши таъкидланди.