"Олтин васвасаси"га чек қўйилади
Инсон яралибдики, уни олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар оҳанрабодек ўзига тортиб келган. Унга маҳлиё бўлиб, шу йўлда умри хазон бўлганлар қанча. Бунга тарих гувоҳ. Олтин васвасасига тушиб, юртидан, ҳатто уруғ-аймоғидан кечганлар хусусида китоблар ёзилган, бадиий фильмлар яратилган. Бу "сариқ иблис"га мубтало бўлиш бугунги кунда ҳам авжига чиқса чиққанки, асло сусайган эмас. Ўзаро уруш ва низоларга, қотилликларга сабаб бўлаётган олтин васвасасига учраш афсуски, юртимизда ҳам рўй бериб турганлигини яшириб бўлмайди. Айниқса, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида ноқонуний қазиб олишга бўлган уринишлар кейинги пайтларда бироз кўпайганини айтиш жоиздир.
Хўш, бунга нималар сабаб бўлаётир? Бунинг асосий сабаби миқдор ва сифат жиҳатидан саноат усулида қазиб олиш объекти ҳисобланмайдиган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан қонуний шуғулланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.
Энди мана бу маълумотларга эътиборни қаратамиз.
Ўзбекистон ерости бойликлари билан ҳақли суратда фахрланса арзийди. Бу ерда машҳур Менделеев даврий жадвалининг деярли барча элементлари топилган. Олинган маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 2,7 мингдан зиёд турли фойдали қазилма конлари ва маъдан бўлган истиқболли жойлар аниқланган. Масалан, олтин захиралари бўйича республикамиз дунёда тўртинчи ўринда, уни қазиб олиш бўйича еттинчи ўринда туради. Мамлакатимиз конларида олтин тозалашда аффинаж (энг соф металл олиш) жараёнининг замонавий технологияси жорий этилган. Натижада олий товар кўринишига эга бўлган, софлик даражаси "тўртта тўққиз"га тенг асл олтин олинмоқда.
Кейинги йилларда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида олтин рудали конлар аниқланди ва қидириб топилмоқда. Қизилқум минтақасидаги барча олтин конларининг муҳим хусусияти шундан иборатки, руданинг таркибидаги олтин кўп миқдорда бўлиб, у очиқ усулда қазиб олинади. Бундан кўриниб турибдики, республикамизнинг айрим ҳудудларида олтин ерда сочилиб ётган бўлмаса-да, уни "йиғиштириб" олиш имкониятлари мавжуд. Аммо бу истаган киши хоҳлаганча қимматбаҳо металларни "териб" олиши мумкин дегани эмас. Ҳар жойнинг тошу тарозиси, дарвозаси бўлгани каби нодир металларнинг ҳам эгаси бор. Бу давлат ва халқ ҳисобланади. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида ижтимоий тангликнинг кўпайиши, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш давом этаётганлиги билан боғлиқ бўлган криминоген вазиятлар ёмонлашиши кузатилмоқда.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш тизимли тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элларга олиб чиқиб кетилиши кузатилмоқда. Масалан, 2015 йилдан 2018 йилнинг ўтган ўн ойи давомида олтин ва бошқа қазилма бойликларини ноқонуний қазиб олиш бўйича 547 нафар шахсга нисбатан 214 жиноят иши қўзғатилган. Бу эса халқнинг ризқи кесиляпти, бойлигимиз ўзгаларнинг чўнтагига тушяпти дегани. Натижада йилига ўртача 1 тоннага яқин олтин қазиб олиняпти. Айни мавсум паллада ўн минг одам шу иш билан шуғулланмоқда. Бу эса давлат иқтисодиётига жиддий зиён етказмоқда.
Бугина эмас, ноқонуний равишда олтин қазиб олиш чоғида шикастланишлар ва ўлим ҳолатлари содир бўлмоқда. Пахтачи туманидаги Қорақўтон тоғи, Қўшработ туманидаги Зармитан ҳудудида рўй берган аянчли ҳолатларни ёдга олиш кифоя. Энди бундай ўзбошимчаликларга, халқ бойлигини талон-тарож қилишга йўл қўйилмайди. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишни тадбиркорлик тури сифатида ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ер қаъри участкасини самарали ўзлаштириш, шунингдек, олтин ва заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги "Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
– Унга кўра, 2019 йил 1 мартидан бошлаб тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти жорий этилади, – дейди "Ўзсаноатконтехназоратинспекцияси"нинг Самарқанд минтақавий инспекцияси давлат инспектори Нуриддин Пирназаров. – Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти ер қаъридан фойдаланишнинг алоҳида тури ҳисобланиб, у ер қаъри участкаларида амалга оширилади. Мазкур фаолиятни амалга ошириш учун ер қаъри участкалари, шу жумладан, ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари тақдим этилади. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилади. Бунда қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди. Бу ҳуқуқни қўлга киритишда жисмоний ва юридик шахслар талабгор бўлишлари мумкин. Лицензия эса давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси томонидан "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади. Лицензия беришнинг умумий муддати истисно тариқасида ўн кундан ошмайди. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи 7,5 миллион сўмни ташкил қилади.
Ҳа, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкалари рўйхати ҳар йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
– Қарорда олтин изловчилар ҳуқуқлари билан бир қаторда уларга қўйилган мажбуриятлар ҳам бор, – дейди сўзини давом эттириб Нуриддин Пирназаров. – Улар қуйидагилардан иборат. Лицензия ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш лицензиясини бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди. Олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни реализация қилиш "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ ва "Навоий кон-металлургия комбинати" ДКга, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда амалга оширилади.
Қимматбаҳо металларни яшириш, шу жумладан, уни 6 ой ичида реализация қилмаслик, шунингдек, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш чоғида ишларни бехатар олиб бориш талабларининг бузилиши оқибатида инсонларнинг оғир тан жароҳати олиши ёки ўлимига олиб келиши лицензияни бекор қилиш ва мазкур фаолият билан шуғулланишни бир йил давомида чеклаш учун асос бўлади. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг, ер қаъридан фойдаланувчилар зиммасига ер қаъри участкаларини рекультивация қилиш ва уларни кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юкланган. Мазкур қарорда белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда фаолиятни амалга оширадиган шахслар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод этилади.
Хуллас, ушбу қарор билан энди олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш, реализация қилишга чек қўйиладиган бўлди. Бу билан нафақат қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш, балки нодир металларнинг яширинча айланиши, олтин васвасасига йўлиққан айрим кимсаларнинг шикастланиши ҳамда ўлими ҳолатларининг олди олинади.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
"Зарафшон" мухбири.