Омбудсман “Мурувват уйи”да яшовчи 18 нафар фуқаронинг паспорт олишига кўмаклашди

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоят минтақавий вакили Д.Ҳусанов Ургут туманидаги “Мурувват уйи”да бўлиб, бу ерда яшовчи фуқароларнинг муаммоларини ўрганди.
- Ўрганиш давомида 18 нафар фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги ҳақида мурожаат қилди, - дейди Диёр Ҳусанов. – Аниқлашимизча, уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки паспорти йиллар давомида мавжуд бўлмаган. Ушбу ҳолат тўлиқ ўрганилиб, уларнинг 9 нафари бўйича ФҲДЁ органларига сўровномалар юбордик. Натижада бу фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари тикланди. Қолган 9 нафар фуқаронинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судига даъво аризалари киритилди. Кўп ўтмай суд раиси иштирокида “Мурувват уйи”нинг ўзида сайёр суд ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 283-моддаси 2-қисмининг 3-бандига кўра, фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариш ёки тугатиш сабаб бўладиган фактларни суд аниқлайди. Жумладан, оталикни тан олиш (белгилаш) факти, боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги факти, шунингдек, туғилган вақтини аниқлаш факти суд томонидан белгиланади.
Ушбу норма ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 249- ва 153-моддаларини қўллаб суд қарор қилди. Ушбу ҳал қилув қарори асосида 9 нафар фуқаронинг туғилганлик факти белгиланди. Бунинг натижасида “Мурувват уйи”да яшовчи 18 нафар фуқаролик паспорти олиб берилди.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.