Омилкор деҳқонлар тажриба алмашди
Унда туманлар ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиқлари, кимё ва агросервис комплекслари раҳбарлари, давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари, фермерлар ва соҳага тегишли мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Семинар иштирокчилари тумандаги "Наврўз-Пўлатчи", "Р.Маҳмонов Қурбонович", "Ш.Назаров шогирдлари", "Т.Кенжаев таъмирчи" муқобил машина трактор парклари ҳудудидаги фермер хўжаликларида ариқ-зовурларни қазиш, тозалаш, маҳаллий ўғит жамғариш, тут кўчатлари экиш учун майдонлар ажратиш, ғалла парвариши каби қишки юмушларнинг бажарилишини кўздан кечирдилар. Сўнгра иштирокчилар "Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич" кўп тармоқли фермер хўжалигида ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти билан таништирилди. Уларга хўжаликнинг чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик каби қўшимча тармоқлари ҳақида маълумот берилди.
Иштирокчилар тумандаги Мирзо Олим маҳалласида яшовчи Файзулла Раббимов хонадонида ҳам бўлишиб, томорқада иссиқхона ташкил этиш тажрибаси билан танишдилар. Бу хонадонда 4 та иссиқхона бўлиб, биттасида лимон парваришланади, қолганларида кўкатлар, помидор, бодринг етиштирилади ва йилига уч мартагача ҳосил олинади.
– Бугунги семинарда пахтачилик омилкор деҳқонларнинг ердан унумли фойдаланишдаги тажрибаларини ўргандик, – дейди иштихонлик Абдулла Баҳромов. – Айниқса, иссиқхоналардаги йилига уч мартагача юқори даромадли ҳосил олиш амалиёти ва кўп тармоқли фермер хўжаликлар фаолиятини ташкил этиш борасидаги усул ва тажрибалар бизга маъқул бўлди. Буни ўз фаолиятимизда жорий этишни мақсад қилдик.
Семинарда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.