Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида янги қарор қабул қилинди

Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрда “Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ҳамда ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.

Бундан буён оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ҳамда ноширлик фаолиятини лицензиялаш фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган аризалар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан кўриб чиқилади.

Эндиликда, тадбиркорлик субъектларининг тўғридан-тўғри Агентликка мурожаат этиш амалиёти бекор қилиниб, юридик ва жисмоний шахслар ўз ҳудудларининг давлат хизматлари марказларидан бевосита ҳужжатлар тақдим этиш имконияти яратилди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасидан бир юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлса, бевосита Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилмасдан, ўзи жойлашган туманнинг давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилади. Унинг аризаси давлат хизматлари маркази орқали Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармасига юборилгандан сўнг ариза кўриб чиқилади ва натижаси бўйича жавоб юборилади. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома ҳам давлат хизматлари марказидан берилади.

Мазкур маъмурий регламентлар билан, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома олиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига марказ ҳамда ЯИДХП орқали мурожаат этиш тартиби жорий этилди.

Бундан аввал матбаа корхоналарини рўйхатга олиш Агентлик томонидан амалга оширилиб келинган эди. Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳномалар бериш Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Ҳукумат қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга анча қулайликлар яратилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди.

Жумладан, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш 30 кундан 15 кунга, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома бериш 15 кундан, 10 кунга ҳамда ноширлик фаолиятини лицензиялаш 20 кундан, 10 кунга қисқарди.

Бундан ташқари, болалар адабиётлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар лицензия берилганлик учун белгиланган тартибда тўланиши лозим бўлган давлат божидан озод қилинди.