Бугун шоир ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Душан Файзий таваллуд топган кун

Душан Файзий 1927 йил 5 февралда Қизилтепа туманида туғилган.

Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олгач, илк иш фаолиятини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими котиблигидан бошлаган. Кейинчалик вилоят телевидение ва радиоэшиттириш қўмитаси раиси, СамДУ проректори, «Имом Бухорий» халқаро хайрия жамғармаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ижоди Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланган. «Туғилган куним», «Қалбим сеники», «Наво», «Ёр хаёли», «Онаизор», «Буюклик», «Самарқанднома», «Севгилим» каби шеърий тўпламлар нашр эттирган.

Драматург сифатида эса «Зарафшон қизи», «Биринчи учрашув», «Келин келди», «Қорасоч», «Ғазал ва муҳаббат», «Ўн етти ёшлилар» ва бошқа саҳна асарлари яратган.

Душан Файзийнинг «Дўстлик қўшиғи», «Асрим монологи», «Ургут қасидаси», «Темурнома» достонлари ва «Имом ал-Бухорий» шеърий романи бор.

1997 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

2009 йилда вафот этган.

***

ҚУЁШ ПАРЧАСИ

Кафтим узра тутиб қуёш парчасин,
Сенинг қўлларингга узатдим, эркам.
Неки эзгулик бор дилда, барчасин
Сенга бағишладим, сенга фариштам!

Яхши ният ила қабул эт уни,
Бутун борлиғингни айлагай равшан.
Ҳасадли кўзлардан асрагай сени,
Пойингда гуллагай бир ажиб гулшан.

Қуёш парчаси деб сенга тутганим,
Саховатга тўла мунис юракдир.
Истиқболингга ҳавола этганим,
Қарашларга зор, ўша тилакдир.

Неки эзгулик бор дилда, барчасин
Сенга бағишладим, сенга фариштам!


ОЛИСДАМАН

Қўй, энди излама! Уриниш беҳуда,
Мен кетяпман туманлар аро.
Сен олисдаcан, олисдаcан жуда,
У ёғи – сўнгсиз қоронғи дунё.

Афсуслар ва балки кўзёшлар
Сенга сабр берсин илоҳим!
Қалбингдан хотира – ўша ширин тушлар,
Рўёда бурқсиган тутунли оҳим.

Ўша олислардан, туманлар бағридан
Сенга термилади кўзларим.
Ўтдим, муҳаббатсиз дунёнинг баҳридан,
Анҳор бўйларида сўнгги изларим.

Қўй, энди излама!..