Оқдарё “оҳ!” урган замон

3-синфда ўқир эдим. Мактабимизга ҳақиқий, урушга қатнашган бобо келди. Муртазо бобо! У киши бўйнимга қизил галстук тақди, мен шеър айтдим. Негадир ўқитувчилар, ҳатто, бобо ҳам йиғлади, кўзларини рўмолчаси билан артди. Мен ҳам бобога қизил галстук тақдим. У киши уруш ҳақида гапирди, рости, мен кўрқдим. Бобо биздан икки синф юқори ўқийдиган мақтанчоқ Муроднинг отаси эди. Мурод менга қараб кулди, у милтиқлар, ўлган одамлар, бомбалар, портлаган шаҳарлар, қулаган уйларни Муртазо бободан эшитавериб ўрганиб қолган шекилли, миқ этмади, ундан бошқа ҳаммамиз қўрқдик. Гитлерни шу қадар ёмон кўриб кетдикки, ундан бизни қутқаргани учун бобога гуллар бердик, қарсаклар чалдик.

Мактабдан чиқиб, отамнинг ёнига шошилдим. Кеч бўлди, отам даладан қайтди, дастурхон атрофида ўтирдик.

- Ота, сиз ҳам урушга борганмисиз?.. Гитлерни кўрганмисиз?

- Йўқ.

- Нега? ...

Айни дамда отамнинг урушга борганлигини, Муртазо бободек қаҳрамон бўлишини, Гитлерни менинг отам ўлдирган бўлишини шу қадар истадимки, афсус, отам индамади.

 Отам – Жиян бобо Маматов 47 ёшда бўлганида мен туғилган эканман, ўша пайти отам 60 ёшда, билдирмай ичимда ҳисобладим, уруш бошланганида отам 37 ёшда бўлган экан. Нега урушга бормаган? Овқатланиб бўлгунимизча отам ҳам, мен ҳам гапирмадик. Тўшакка ёнбошлагач, яна отамга суйкалдим.

- Ота, Муртазо бобо Собир Раҳимов деган генерал билан Берлингача борган экан, бугун мактабимизга келди. Бизларни немислардан қутқаргани учун у кишига гуллар бердик. Мурод роса мақтанди. Сиз нега урушга бормагансиз?

Отам ҳам уруш ҳақида бирор сўз айтармикан деб юзларига термулдим. Отам чуқур нафас олди, елкамга қўлини оғир ташлади:

- Мени урушдан олдин отиб қўйишган, қизим.

- Ким отган?!

- Қароқчилар...

- Войй...автоматданми?!

Отам мийиғида кулди, қўлимдан ушлаб, кафтимни секин чап тирсагига қўйди.

- Шу тирсагимнинг букилмаслигини биласанми, қизим? Босмачилар мени қўлимдан айиришди, майиб қилишди, шунинг учун урушга боролмадим. Мени ҳарбийга олишмади.

- Нима учун отди сизни улар, ота?

- Отимнинг жиловини қўйиб юбормаганим учун.

- Нега қўйиб юбормадингиз?

- Зў-ў-р от эди... колхознинг отлари ҳам бор эди.... 40- йил, от араваларга ортилган пахтани, шаҳарга, “хлоппункт”га топшириб, Каркининг йўли билан қайтиб келаётган эдик...

Отам менинг феълимни яхши биларди, бирор гапни бошласак, охиригача етмасак қўймасдим, савол бераверардим. Шунинг учун ўша босмачилар, қароқчилар билан бўлган жангни бошдан оёқ, мири-сирини қолдирмай айтиб берди. Колхозлар ташкил этилгандаги қийинчиликлар, қўлда экилган пахталар, уни қоплаб араваларга ортганлари, у пайтда тўғри йўллар бўлмаганлиги, ўнқир-чўнқир кўчаларда, дайравотда чангал оралаб юк ташиганлари, йўлда қароқчилар деҳқонларнинг мулкини талаганлари, отамни отган қароқчилар йигирма арава пахтанинг пулини ва йигирмата отни қурол билан қон тўкиб, тортиб олгани, айниқса, отамнинг “Чавкар” номли карвонбоши отига ичи ачиганлиги, отдан тушмай жиловни бермаганлиги учун отишгани, отам ҳушсиз йиқилгани ва яна уруш...урушнинг ортидаги етимлар, бевалар, очарчилик, қурғоқчилик... Эҳҳе-е...!!!  Худди, тушда кўраётгандек, сўзларини эшитган сари диққат бўлиб, отамнинг чап тирсагидаги қийшиқ битган суягини меҳр билан силайверибман. Мактабда Муртазо бободан эшитган даҳшатли жанглар хотирасига отам айтган воқеалар қўшилиб, баттар аламим келди.

- Муртоз бобонг мендан 17 ёш кичкина, уруш бошланганда мен колхозда мудир эдим, у 19 ёшда эди, - деди отам мени янада тинчлантириш учун таассуротларини қайта давом эттириб. - Муртозга ўхшаган забардаст йигитлардан 102 нафарини урушга жўнатдик.

- Эҳе... улар шунча кўпмиди, ота?

- Кўп эди... минглаб эди улар.

- Нега бошқалари мактабга келмади?

- Келади қизим, келади. Сизлар чақирсаларинг келади. Фақат ...

- Нима фақат...

- 80 нафар  боболаринг келолмайди.

- Нима учун? Улар ҳам туманда адашиб, немисларни кўрмай қолганми?

- Жуда узоқ жойларда, урушда ҳалок бўлди улар, қишлоғимизга қайтиб келмади, Мастура опангнинг отасидан ҳам қорахат келди.

- Қора хат ўлган оталардан келадими?

- Ҳа, қизим.

- Бечора Мастура опам, шунинг учун йиғлаган эканда, Муртазо бобони кўриб а?

- Ҳа, энди ухла, қизим, бугунга етади, чарчадинг…

Орадан йиллар ўтди. Олий маълумотли адабиёт ўқитувчиси бўлдим. Худди ўша мактабда иш бошладим. Отажоним доим ёнимда бўлди. Отам ва Муртазо бободан сўраб, маҳалламиздан урушга кетганлар, ҳалок бўлганлар, омон-эсон қайтганлар ҳамда фронт ортидага ҳамқишлоқларимизнинг меҳнати, ҳаётини ўргандим, китоб ёздим. Мактабимизда музей ташкил қилдик, мактаб ҳовлисида урушда ҳалок бўлган ва бедарак кетган қишлоқдошларимиз хотирасига ёдгорлик тоши ўрнатдик. Отам айтганидек, омон-эсон қайтган 22 нафар уруш қатнашчиларидан Шахобиддин бобо, Жўра бобо, Расул бобо, Эшонқул бобо, Овулмурод бобо, Далим бобо, Анвар бобо ва бошқа отахонларимизни ҳар йил 23 февраль, 9 май кунларида мактабимизга таклиф қилдик. Улар ўша йиллари Иккинчи жаҳон уруши туфайли дард чеккан, жабрланган барча халқлар, вайрон бўлган шаҳарлар ҳақида ўқувчиларимга сўзлаб бердилар. Болалар, худди, менинг ёшлигимдаги каби, учрашувларда отахонларга қатор саволлар берар ва ҳаяжонда уйларига қайтар эдилар. Улар ҳам менга ўхшаб ота-оналарини саволга тутишлари, уйларида урушга нафрат, тинчликка меҳр уйғонишини ўйласам, хурсанд бўлардим.

Орадан яна йиллар ўтди. Ғалабанинг 40, 45, 50, 60, 70 йилликларини нишонладик. Бугун 65 ёшдаман, Ғалаба эса 75 ёшда. Аслида ҳаётнинг ўзи курашлардан, урушлардан иборат экан.

Оқдарё туманидан урушга кетган 4329 нафар йигитларнинг 1881 нафари уйига қайтди, холос, 92 нафари бедарак кетди, 2356 нафар навқирон йигитларимизнинг жисми уруш оловлари орасида, жасадлари бегона юртларда, номаълум ўлкаларда қўним топди. Тўрт ярим минг онанинг кўз ёшлари Оқдарёнинг бағрини куйдирди, тўлқинларини тоширди, соҳилларини ёндирди. Ҳалок бўлган икки ярим минг йигитнинг доғи оталарнинг қаддини дол, умрини завол қилди.

Тарихимизнинг тирик гувоҳлари бўлган – урушдан қайтган оталаримиздан кундан-кун, бирма-бир жудо бўлавердик. Туманимизга қарийб икки минг киши урушдан омон қайтиб келган эди. Ҳозирчи, бугун-чи, улар ёнимизда борми? Ўтган йил хотира кунида қаҳрамонларимизнинг фақат 3 нафари ҳаёт эди. Бу йил-чи, бугун-чи? Бугун 160 мингга яқин Оқдарё тумани аҳолисининг ичида, фақат бир нафаргина... фақат, бир нафаргина Иккинчи жаҳон уруши – Улуғ Ватан урушининг қатнашчиси яшамоқда. У киши – менинг болаликдан табаррук қаҳрамоним, Ўзбекистон маҳалласининг Равот қишлоғида яшовчи Муртазо бобом. 1926 йил 4 март куни туғилган, 1944 йилда урушга кетган, Берлингача жанг қилган, ҳарбий хизмат бурчини ўтаб, 1948 йилда юртига қайтган, Мунаввар онажонимиз билан бахтли яшаб, ёлғиз фарзанди Муроджонни улғайтириб, ҳозирда 19 нафар невара, эвараларини суюб яшаётган бобом – Муртазо Эшпўлатов! Тирик тарих, Оқдарё “оҳ!” урган замонларнинг ягона гувоҳи.

Ўтган сафар борганимда анча бетоб эдилар. Бобо урушдан қайтгандан сўнг, колхозда ҳисобчи ва бошқа ҳар хил масъулиятли вазифаларда тиним билмай ишладилар. Таниш-билиш, ошна-оғайнилари жуда кўп, меҳмондўст инсон. Шунинг учун ҳар байрамда илгарироқ ҳаракат қиламан, зора, кўпроқ вақт суҳбатларида бўлсам дейман.

 Бобонинг уйига кириб боришим билан ҳар галгидек, набиралари югуриб, қаршимга чиқишди, кейин келини Нортош опа, ўғли Мурод оғамиз...

- Бобом қалай? Қабул қиладиларми, тетикми ўзлари? - сўрадим ҳазил аралаш

- Бобонгиз михдай, интернет кўряптилар, - деди Мурод томдаги антеннага ишора қилиб.

- Наҳотки, ваҳимага тушмадиларми, ишқилиб? Ҳар қалай, шу балони бобожонга билдирмасаларинг бўлмасмиди?

- Отам ҳаммадан олдин эшитиб, тартибларини тузиб ташладилар. Мана кўрмаяпсизми? - деди Мурод яна мақтаниб, барча оила аъзоларининг тақиб олган ниқобларини кўрсатар экан. Сиз ҳам тақиб олинг, замондош, йўқса, жаримага тортадилар.

Хона янада файзли бўлибди. Тўрдаги тахмонда бобонинг 1947 йилда, Берлинда тушган сурати турибди. Навқирон йигит ҳарбий либосда виқор билан курсида ўтирибди. Илгичда бобонинг қатор орден ва медаллари тақилган чиройли костюм.

- Ассалому алайкум, бобожон, яхшимисиз? Кайфиятингиз, соғлигингиз... Мен...Ойгулман.

- Ҳа-а, Ойгул қизим, Жиян акамнинг қизи, хуш келибсан.

Бобонинг қоқ суяк бўлиб қолган, автомат қўндоғидек қаттиқ, аммо, иссиққина қўлларидан тутдим, отанинг нуроний чеҳраси очилиб, ўпкаси бир тўлиб бўшанди. Кўзлари сал хира тортган бўлса-да, ҳар қандай кишини сийратидан танийди. - Нима гап, бобо, айтаверинг...?

- Нечта бўлди?

- Тушунмадим...

- Нечта одам ўлди?

- Ҳа-а-я, вирусданми? Беш киши ўлди.

- Ваҳ, - деди бобо, тиззасига бир муштлаб.

- Кечагина тўртта эди-я...

- Ўзбекистон бўйича бешта... - тинчлантирмоқчи бўлдим отахонни.

- Дунё бўйича бўлмайдими? Нега одам ўлади? Шундай тинч замонда-я?  У замонлар ўлимдан қутулишнинг чораси қўлга қурол олиш эди. Бу урушнинг чораси уйда ўтириш бўлди, юзга ниқоб тақиш бўлди. Сен нега уйингда ўтирмай, кўчада юрибсан?

Ё тавба, бободан бу гапни асло кутмаган эдим. Мулзам бўлдим. Мен нодон яна бобони пандемиядан асраш керак деб, ҳимоя излаб юрибман-а.

- Уруш йиллари одамлар очликдан уйида туролмасди, сизлар эса тўқликдан, шўхликдан уйингизда ўтиролмайсиз. Сенга мақола керакми? Шунга келдингми? Ол, ёз, одамларга айт. Омон қолай деса, ҳаммаси уйида ўтирсин, қонунни ҳурмат қилсин, ҳукуматни ҳурмат қилсин! Бу балодан халқни интизом қутқаради, интизомсизлар эмас, ҳукумат қутқаради, ҳукуматпарастлар эмас!

- Ёзаман, бобо, албатта ёзаман, айтганингиздек, уйимда ўтириб ёзаман. Насиҳатларингизни ҳамма ўқийди. Сизни соғиниб келгандим.

- Соғинсанг, карантиндан кейин кел.

- Хўп бўлади.

Тамом. Бошқа бирор гапга ўрин қолмади. Йўлга чиқдим. Худди, 3-синфдалигим каби, ўша ўн ёшли қизалоқдек, мактабда Муртоз бобо билан учрашувда қандай ҳаяжон билан уйга қайтган бўлсам, ҳозир ҳам қалбимда худди ўша “Ватан учун!” деган муқаддас бир туйғу билан ошноман. Замонларнинг зайли шундайки, энди мен отажонимга, онажонимга эмас, аксинча, болаларим, набираларим менга савол берадилар.  

Ана шундай кайфият билан уйга етиб келдим. Машинадан тушишим биланоқ атрофимни тол новдасидан камон ясаб олиб, зерикканларидан ҳовлимизда уруш-уруш ўйнаётган ўғил, қиз набираларим, қуршаб олишди. Ҳаммасининг юзида ниқоб, қўлларида чўпнайза, роса чулдирашди:

- Она, Гитлерни ўлдирган бобони кўриб келдингизми? Зз-ў-ў-ў-ўрми? У кишиниям юзида “маска”си борми?

- Ҳа, у киши ҳам “маска” тақибди, коронавирусни ана шундай тартибда ўлдираяпти. Эшитинглар, Муртоз боболаринг айтди, яқинда карантин тугайди. Биз душманни енгамиз!

- Уре-е-е-е! - болалар хурсандлигидан боққа томон югуришди. – Биз енгамиз, Муртоз бобо айтдилар, карантин тугайди! Гитлер капут! Вирус капут!

Мен эса, хонамга кириб, ниқобимни чиқинди қутига ташладим, бор имконим, вужудим билан бобожоним айтган топшириқларни бажаришга киришдим.

Ойгул МАМАТОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.