Оқдарё туманида ЙТҲга учраган йўловчи автобуси бўйича маълумот берилди
Бугун, 22 ноябрь куни соат 11:50 лар атрофида Оқдарё тумани "Мулла кичкина" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи "М-37" автомобил йўлининг 30-километрида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Бухоро вилоятига тегишли бўлган "Yutong" русумли транспорт воситаси “Бухоро-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётиб тезликни меъёридан оширган. Йўлда ёмғир ёққани, йўлнинг сирпанчиқлигини инобатга олмаганлиги сабабли рул бошқарувини йўқотиб, йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа бориб урилиб, ўнг тарафга ағдарилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
ЙТҲ оқибатида автобусда бўлган бир нафар йўловчи ҳалок бўлган. 17 нафар фуқарога биринчи ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб бериб юборилган.
Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.