Оқдарёда 1 миллион сўмдан ортиқ бўлган жиҳозларни ўғирлаган шахс қўлга олинди
Шу йил 2 октябрь куни Оқдарё туманида яшовчи 40 ёшли фуқаро А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Аризада 23 сентябрдан 30 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, ҳовлисида турган бир дона, баҳоси 500 минг сўмлик «Агидел» сув насоси ҳамда уйида турган бир дона, баҳоси 600 минг сўмлик «Artel» русумли ошхона печини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу ўғирликни Оқдарё тумани Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 25 ёшли Ш. содир қилганлиги аниқланган. Фуқародан бир дона «Агидел» сув насоси ва бир дона «Artel» русумли ошхона печи ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.