Ўқувчиларни совуқда тадбирга олиб чиққан мактаб директори ва ўринбосари ишдан олинди

Ижтимоий тармоқларда Андижонда қаҳратон совуқ бўлишига қарамай, 43-мактаб ўқувчилари тадбир учун ташқарига олиб чиқилгани эътирозларга сабаб бўлди.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бу ҳодиса юзасидан баёнот берди.

Мазкур хабар юзасидан Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат ўрганилган:

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига «Янги Ўзбекистон — Янгича дунёқараш» шиори остида мамлакатимизда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маъданият ходимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюрган.

Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифида ўқувчилар уларни кузатиш мақсадида йўлакка олиб чиқилган. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган.

Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2-3 дақиқа ташқарида қолишганлиги, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35 гача) уларни синф хоналарига киришлари сўралганлиги таъкидланди.

Якуний хулосага кўра, 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов), мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (С.Исманова)лар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.