Ўртаҳисар “Дунёнинг энг гўзал 50 қишлоғи” рўйхатига киритилди

Ушбу қишлоқ Ўзбекистонда эмас, балки Туркияда жойлашган. Аммо бизнинг қишлоқлар ҳам унинг табиати, кўркамлиги ва жозибасидан қолишмайди.

Ўртаҳисар “Форбес” журналининг 2025 йилги “Дунёнинг энг гўзал 50 қишлоғи” рўйхатидан жой олди. Бу қишлоқ ҳар бир сайёҳнинг минтақада албатта кўриши керак бўлган манзиллардан бири. У Каппадокиянинг ўзига хос қоя ўймакорлигини қадимий қалъаси ва иссиқ ҳаво шарларига тўла осмон билан уйғунлаштиради. 

“Форбес” Ўртаҳисарни Каппадокия бағрида қад кўтарган, кулранг ва зарғалдоқ ранглар билан товланиб турган осмон остидаги маскан сифатида тасвирлайди. Минг йиллар давомида Эржиес, Ҳасан ва Гуллу тоғларида вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган юмшоқ қатламлар шамол ва ёмғир таъсирида аста-секин улкан қоятошларга айланди. Табиат ва вақт таъсирида вужудга келган бу бетакрор манзара Каппадокиянинг рамзий тимсоли бўлиб қолди. 

Ўртаҳисар қалъаси улкан қояда ўйилган табиий қалъа бўлиб, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган. Айтишларича, қалъа хетлар даврида ўйиб ишланган. Қалъада ғорлар, каптархоналар ва лабиринтли туннеллар мавжуд бўлиб, дунёдаги биринчи кўп қаватли аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда у ажойиб панорамик манзараларни тақдим этувчи минтақадаги энг баланд нуқталардан биридир. 

Каппадокия миллий меъморчилигининг ўзига хос намуналарини Ўртаҳисар этакларида жойлашган маҳаллий уйларда кўриш мумкин. Дўконлар ва хушбўй ифорли чой боғлари билан ўралган тош кўчалар табиий гўзал водийларга олиб боради. Бу водийларда ўйиб ишланган омборлар тарихда Ўрта ер денгизидан олиб келинган олма, картошка, апельсин ва лимон каби маҳаллий маҳсулотларни сақлаш учун хизмат қилган. 

Дарвоқе, қишлоқнинг машҳур сопол идишларида пиширилган гўшт ва маҳаллий меваларнинг ажойиб уйғунлиги ноёб тажрибадир. Шу каби экспонатлар мавжудлиги сабаб яқинда Каппадокия Мичелин қўлланмасига киритилди ва маданий ҳамда гастрономик туризм бўйича жаҳондаги мавқеини янада мустаҳкамлади.

Зилола тайёрлади.