Ошхонада антисанитария ҳолат унга ким баҳо беради, ким камчиликни бартараф этиш чорасини кўради?
Бугун Самарқанд шаҳрида ошхонадан кўпи бўлмаса керак. Аммо, улар халқимизга кўнгилдагидек хизмат кўрсатяптими? Ушбу умумий овқатланиш корхоналарининг санитария-гигиена аҳволи қай даражада? Уларнинг санитария талаблари асосида фаолият юритиш ҳолатини давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг мутахассислари етарлича назорат қила оляптими?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида мутахассислар ҳамроҳлигида шаҳардаги айрим ошхона ва кафеларда бўлдик.
“Ҳаловат-мадад-файз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли А.Раҳимов бошчилик қилаётган сомсахонага кирганимизда тандирхонада ёнғинга қарши курашиш воситалари йўқлигига гувоҳ бўлдик. Сомса тайёрлаш ва идиш-товоқ ювиш битта хонада амалга оширилгани учун сабзавот маҳсулотларидан қолган чиқиндилар бир жойда сақланмоқда. Чиқинди қутиси йўқ. Емакхона масъули М.Мажидова ошпаз ва хизматчиларнинг тиббий кўрик дафтарчасини кўрсата олмади. Бунинг устига улар махсус кийим билан таъминланмаган.
Ҳар куни тушликни шу ерда қиламиз, - дейди «Ёшлар маркази»да фаолият юритаётган тўгараклар аъзоларидан бири. – Аммо сомса тайёрлайдиган ва ўтириб овқатланадиган хоналар бир-бирига яқинлиги учун ёқимсиз хид келиб туради. Столлар ўз вақтида тозаланмайди.
Абдураҳмон Жомий кўчасидаги “Лега-МС плюс” МЧЖга қарашли шаурмахона ошпаз ва хизматчиларининг тиббиёт дафтарчаларида тиббий кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида қайдлар бору, аммо дафтарчалар қайси ташкилот ёки ошхона томонидан берилганлиги номаълум. Бу эса Самарқанд шаҳар 5-сон оилавий поликлиника шифокорларининг мазкур ошхона ходимларини “соғлом” деб берган хулосасига шубҳа уйғотади. Бу ерда ҳам идиш-товоқлар овқат тайёрланаётган жойда ювилмоқда. Санитария ҳолати кўнгилдагидек эмас.
Шаҳарнинг Райҳон кўчасидаги Н.Орипова раҳбарлик қилаётган “Малакали ошпаз” ошхонасида миллий ва европача таомлар тайёрланар экан. Махсус жой бўлмаганлиги учунми сабзавот маҳсулотлари ерда аралашиб ётибди. Бу ерда ҳам хизматчиларда махсус кийим йўқ. Кабоб пишириладиган қўралар атрофи тозаланмаган. Ошхона олдидаги ариқчани тозалаш, у ерда тўпланиб қолган чиқиндиларни олиб ташлаш муассаса масъулларининг хаёлига ҳам келмаган.
- Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 330 дан ортиқ умумий овқатланиш корхоналари фаолият олиб боради, - дейди Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат маркази шифокор-мутахассиси Жамшид Муродов. - Бугунги кунда ДСЭНМ ходимлари тадбиркорларнинг фаолиятига аралашолмайди. Агар улар устидан фуқаролардан мурожаатлар тушса ёки ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани ҳақида маълумот келиб тушса, тегишли тартибда бориб ўрганиш ва чора кўришимизга тўғри келади. Умумий овқатланиш корхоналарида антисанитария ҳолати аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорида жарима ундириш белгилаб қўйилган. Сўнгги пайтларда фуқаролардан ноқонуний фаолият юритаётган айрим ошхоналардаги санитария-гигиенага хилоф салбий ҳолатлар бўйича тушган мурожаатларни ўрганиб, зарур чораларни кўряпмиз. Жорий йил бошидан буён 104 та шундай ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шаҳардаги «Фурқатович» кафесидаги ҳолатни ҳам яхши деб бўлмайди. Чунки, овқат тайёрлаш учун келтирилган сабзавотлар шундоққина ошхонага кириш йўлагида жойлаштирилган.
Тақиқланганига қарамасдан овқат пиширишда маиший газ баллонидан фойдаланиб келинмоқда.
Ошхонада газ ҳиди чиққан, хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Овқат тайёрлайдиган хона бетартиб, печ орқасида ичимликдан бўшаган шишалар ва бакалашкалар қалашиб турибди. Ошпаз эса махсус кийимсиз овқат пиширмоқда. Хизматчиларнинг бирортасида тиббий дафтарча йўқ. Махсус чиқинди қутиси бўлмаганидан сабабли турли хил чиқиндилар дуч келган идишларга солиб қўйилган.
Худди шундай ҳолатни Панжоб маҳалласидаги «Бобир-Сардор-трайдер» оилавий корхонасига қарашли ошхонада ҳам кўрдик. Т.Сатторов ошпазлик қилаётган мазкур ошхона антисанитария ҳолатида. Идиш-товоқ ювиладиган жой тартибсиз, тоза идишлар ва ювилмаганлари ёнма-ён тахлаб қўйилган. Чиқинди ташланадиган қутидан нима учун шкаф сифатида фойдаланиб келинаётганлигига ҳеч ким изоҳ беролмади.
Тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг ишларига асоссиз аралашиш қонун билан тақиқланган. Шунинг учун ҳам барча мутасадди ташкилотлар қатори давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари ҳам ҳуда-беҳуда уларнинг эшигини тақиллатиб бормайди. Улар фақат ноқонуний ишлаётган ошхоналар фаолиятини маълум муддатга тўхтатиши ва назорат қилиши мумкин. Аммо, қонуний иш олиб бораётган тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам иш юритиш тартиб-қоидалари, санитария-гигиена талабларига риоя этмаяпти-ку. Уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, санитария-гигиена қоидалари ва қонунчилигимиздаги ўзгаришларни ким тушунтиради? Тадбиркорнинг фаолиятига аралашиш мумкин эмас деб, антисанитария ҳолатида аҳолига хизмат кўрсатаётган умумий овқатланиш корхоналарининг қонунга зид ҳаракатига индамай қараб туриш керакми?...
Дилмурод ТЎХТАЕВ.