Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўсимликка магний етишмаса нима қилиш керак?

Иссиқхонада помидор етиштиришда магний етишмаслиги аввал ўсимликнинг пастки баргларида доғлар кўринишида намоён бўлади. Доғлар бошланишида оч яшил рангда, кейинроқ сариқ, сўнгра кулранг тусга кириб, ўсимлик барги қурийди ва тўкилади. Помидор мевалари эса майда бўлиб, ривожланмай қолади.

Бунинг олдини олиш учун экишдан аввал ер майдони 10 грамм (кв.м ҳисобида) сульфат магний билан озиқлантирилади. Вегетация даврида ўсимлик илдиз тизими орқали 30 грамм магний сульфат 10 литр сувда эритилиб, ойига 2 марта озиқлантирилади. 15 грамм магний сульфат 10 литр илиқ сувда эритиб, унга 5 грамм карбамид (мочевина) аралаштирилади ва барги орқали ишлов берилади.

Шунингдек, занг канаси очиқ дала ва иссиқхоналарда етиштириладиган помидор, бақлажон, булғор қалампири, картошка, сабзавот баргларини кесиб, сўриб зарарлайди.

Бу зараркунандага қарши сувда эрувчан 80 фоизли олтингугуртни 5-7 килограмм ҳисобида ишлатиш тавсия қилинади. Кимёвий усулда "Неорон", "Виспиромектим", "Виртумек" препаратларини пуркаш тавсия қилинади.

Алишер Маматқулов,

Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспектори.