Ота-она кўмаги ўқувчига ишонч беради

Бола аввало, яқинларининг фикрига таянади. Тадқиқотларга кўра, ота-онаси томонидан қўллаб-қувватланган болалар хорижий тилларни 25 фоизга тезроқ ўзлаштирган. Боладаги “Мен инглиз тилини ўргана оламан”, деган ишонч асосан уйда шаклланади.
Бундан ташқари, тил ўрганиш жараёнида уйда боланинг хорижий тилларни ўзлаштириши учун муҳит яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали бола ўрганаётган хорижий сўзларни реал ҳаётда қўллаш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун ота-она болага уйда инглизча мультфильмлар томоша қилдириши ёки аудиокитоблар ўқиши учун шароит яратиши лозим. Боланинг хонасига инглиз тилидаги кўзргазмали воситаларни осиб қўйиш ҳам фойда беради. Ўз навбатида, ота-оналар тил ўрганишда фарзандларига ўрнак бўлиши муҳим саналади. Чунки бола ота-онасининг ҳаракатини кузатади ва такрорлайди.
Агар ота-она ҳам инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилаётган бўлса, бола учун бу катта илҳом манбаи. Бу орқали ота-она фақат назорат қилувчи эмас, балки болага шерик сифатида намоён бўлади. Улар биргаликда янги сўзларни ўрганиб, кундалик топшириқларни бажаради. Кўпинча ота-оналар “Уй вазифангни бажардингми?” деб сўрайди, аммо боласи нимани ўрганаётганига қизиқмайди. Фарзандга топшириқларни тушунишда ёрдам бериш, у билан бирга мисол ишлаш ёки дарсни такрорлаш самарали икки томон учун самарали бўлади. Агар ота-она инглиз тилини яхши билмаса, сўзларни талаффуз қилишда “Google Translate” ёки “YouGlish” каби онлайн хизматлардан фойдаланиб, бола иштирокида ўрганиш мумкин.
Шунингдек, бугун китоб дўконларида кўплаб тил ўрганиш учун адабиётлар, қўлланмалар бор. Бу ўринда, болага ҳар қандай китобни эмас, ёшига, билим даражасига ва қизиқишига мос келадиган китобларни харид қилиш ҳам муҳим. Мисол учун, 6-8 ёшли бола учун расмли, кичик-кичик эртаклар, 9-12 ёшлилар учун “Oxford Reading Tree” ёки “Cambridge Young Readers” каби жамланмалар, “BBC Learning English Kids” каби аудио ва интерфаол платформаларни ўқитиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтганда, ота-онанинг иштироки, руҳий ёрдами орқали бола нафақат тилни ўрганади, балки бу жараёндан завқ ҳам олади. Шундай экан, ҳар биримиз фарзандимизга яқин ҳамроҳ бўлишга интилайлик.
Сарвиноз ШАРИПОВА,
Шохиста ИСТАМОВА,
СамДЧТИ ўқитувчилари.