Ота-она қайси фарзандини кўпроқ яхши кўради, биласизми?
Тўнғич фарзандини яхши кўради. То кейингиси туғилгунча.
Кенжа фарзандини яхши кўради. То у катта бўлгунча.
Қўли калта фарзандини яхши кўради. То у бой бўлгунча.
Бемор фарзандини яхши кўради. То у тузалгунча.
Аммо ногирон фарзанди бор ота-она ўша фарзандини яхши кўради, то ...
Ногирон фарзандларини ота-оналар сўнгги нафасларигача бошқа болаларидан кўпроқ яхши кўради, авайлайди, эҳтиёт қилади, туну-кун шу фарзандини ўйлайди.
Ногирон фарзанди бор ота-она умрининг охиригача болам тузалиб кетармикан, дея чора излайди, йўл қидиради. Қаерда бир яхши дўхтир бор, деб эшитса, умид билан фарзандини ўша дўхтирга олиб боради. Профессорман деганининг ҳаммасига кўрсатади.
Ногирон фарзанди бор ота-онанинг кўзи тўрт, қулоғи саккизта бўлиб, бир ердан фарзандининг дардига даъво дарагини пойлайди. Қаерда бир табиб чиқибди, дами ўткир азайимхон чиқибди деб эшитса, илинж билан фарзандини ўшаларга олиб боради. Билади, гуноҳ, аммо гуноҳни ҳам бўйнига олиб, фолга-да боради, қушночга-да боради.
Ногирон фарзанди бор ота-она фарзандинг учун бер, тузатаман деса, асло иккиланмасдан жонини ҳам беради.
Ногирон фарзанди бор ота-онанинг кўнгли ўксик бўлади, қалби кемтик бўлади, боши хам бўлади, кўзи нам бўлади.
Ногирон фарзанди бор ота-она эл қатори ўйнаб кула олмайди, тўй-тўйлашиб юра олмайди, бир ерга кета олмайди, ҳатто оёқ узатиб ўла олмайди. Шу ногирон боласини ўйлайди, мендан кейин ҳоли нима бўлади, дейди. Ким қарайди, ака-укаси биздек меҳрибон бўладими, янгаси, келини силталамайдими, кўнглини оғритмайдими, дейди. Ногирон фарзанди бор ота-онанинг кетар чоғи ҳам кўзи ўша ногирон фарзандида бўлади.
Ногирон фарзанди бор ота-она дунёнинг энг сабрли, тоқатли, иродали одамларидир!
Ногирон фарзанди бор ота-оналар дунёнинг тошларидир, темирларидир!
Ногирон фарзанди бор ота-оналар матонатга қўйилган, юриб турган ҳайкаллардир!
Сизга таъзим қилай, эй, мардоналар,
Фарзанди қошида эй, парвоналар.
Қўлингизни ўпай, дардингиз олай,
Ногирон фарзандли ота-оналар.
Ит тинар, қуш тинар, сизлар тинмайсиз,
Ҳаловат, оромнинг отин билмайсиз,
Инсон боласига сиз нолинмайсиз,
Ногирон фарзандли ота-оналар.
Аллоҳга ёлвориб қиласиз дуо,
Болангиз дардига сўрайсиз шифо.
Боласи “иҳ” деса, дунёси қаро,
Ногирон фарзандли ота-оналар.
То тирик, шу болам деб олар нафас,
То тирик, боласин унутмас бир пас.
Шу боласин ўйлаб жон бера олмас –
Ногирон фарзандли ота-оналар.
Битта хушхабарга илҳақ, маҳталсиз,
Кўнасиз, яшайсиз исён, жанжалсиз,
Сабру матнонатга тирик ҳайкалсиз,
Ногирон фарзандли ота-оналар.
Мен ҳар бирингизнинг қўлингиз ўпай –
Ногирон фарзандли ота-оналар!
Бугун Халқаро ногиронлар куни!
Илтимос, ногиронларни кўрсангиз, ёнларидан бепарво ўтиб кетманг!
Ҳеч бўлмаса, бир оғиз ширин сўз айтиб ўтинг!
Каримберди ТЎРАМУРОД.