Отам билан фахрланаман

 Ишхонада ўз ишларим билан банд эдим. Қишлоқдан отам телефон қилди. Овозидан ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Салом-аликдан сўнг соғлигини сўрадим.

– Яхшиман, ўғлим, яхшиман, - деди отам ўктам овозда. - Сенга телефон қилаётганимнинг сабаби бироз аввал уйимизга туман ҳокими ва бошқа раҳбарлар келиб Хотира ва қадрлаш куни ҳамда ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан мени табриклаб кетишди. 

Отамнинг гапларидан чексиз хурсандчилик, миннатдорлик руҳи сезилиб турарди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан берилган "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги" эсдалик юбилей медали ҳамда "Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари" китоби, Россия Федерацияси Президенти томонидан юборилган медаль, эсдалик совғалари бериб кетишди.

Отам 93 ёшга кирди. Унинг қадоқ қўлларида уруш давридаги оғир турмуш излари қолган. Тўғри, отам қўлига қурол олиб урушда жанг қилмаган. Аммо юрт бошига кулфат келганда олдинги сафларда туриб эл корига яраган. Ўша пайтда уруш бўлаётган ҳудудлар аҳолиси, завод ва фабрикалар, фронт ортига, кўпроқ мамлакатимизга олиб келинган. Фронт ортида меҳнат қилаётган халқимизнинг бағрикенглиги уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Кечаю кундуз меҳнат қилиб, аскарларни озиқ-овқат, кийим-кечак ва қурол-аслаҳа билан таъминлаб турган.

Отам урушнинг даҳшатлари ҳақида авваллари ҳам биз, фарзандларига кўп гапириб берардилар.

Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишда молини ҳам, жонини ҳам аямади. Фронтга, республикага кўчириб келтирилган оилаларга уйидан жой берди, нонини улар билан баҳам кўрди. Ишчи батальонлар фронт учун фидокорона меҳнат қилди.

Бугун урушнинг даҳшатли фожиаларини бошидан ўтказган камсонли қаҳрамонларимизнинг уруш ҳақидаги мулоҳазалари ёш авлод учун катта ибратдир. Қувонарлиси, улар кўрсатган жасоратлари учун бугун чиндан қадр топмоқда. Уруш қаҳрамонлари шарафига Юртбошимиз тавсиялари асосида Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” бунга ёрқин мисолдир. Отамнинг қаҳрамонлар қаторида эъзозланаётганидан бугун мен ҳам қалбимда фахр ҳиссини туйдим.  

Телефондаги суҳбатимиз сўнгида отам давлатимиз раҳбарининг эътиборидан миннатдор эканини айтиб, юртимиз тинчлигини сўраб дуо қилди.

Иброҳим ҲАКИМОВ.