Отамдай яшагим келади

Шундай инсонлар бўладики, ўзларининг фидойилиги, эл-юртга хизмати билан дунёдан ўтганларидан кейин ҳам одамлар хотирасида, фарзандлар қалбида эзгулик тимсоли, яхшилик намунаси бўлиб барҳаёт яшайди. Отам – Қудрат Қурбонов ана шундай инсонлардан эди.

Ўзининг айтишича, отам 1923 йил 9 майда Жомбой тумани Сарчашма қишлоғида туғилган. 1942 йилда юртимизнинг мард ўғлонлари қаторида фашизмга қарши жангга отланган. Аввал Грузиянинг Махчиван, Махачкала, кейинчалик Украина чегараларида немис фашистларига қарши жанг қилган. 1945 йилнинг кузида кўксини қатор орден ва медаллар билан тўлдириб, қишлоғига қайтган.

1947 йилда Самарқанд давлат университетига ўқишга кириб, қўлига дипломни олгач, мактабда ўқитувчилик қилган, сўнгра Бектош Раҳимов билан бирга 2 йиллик Тошкент олий партия мактабида таҳсил олган. 1960 йилларда Жомбой туманининг Ворошилов номли колхозида партком, колхоз раиси бўлиб ишлаб, кейинчалик чўлни обод этиш мақсадида Сирдарёга жўнатилган. У ерда  совхозда бўлим бошлиғи, касб-ҳунар техникумида ўқитувчи, Октябрь (ҳозирги Зафаробод) район судида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Ўша пайтларда мен мактабда ўқирдим. Яхши эслайман: отамнинг ишга бормай қолган куни бўлмасди. Уйга келганида ҳам бекор ўтирмасди. Хўроз қичқириши билан ҳовлида ҳаёт бошланарди. Отам ҳаммамизни эрталаб томорқада ишлашга, уйни тартибга келтиришга ўргатарди.

Отам мазмунли умр кечирди. Ўзининг билими, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги билан эл назарига тушди. Шу боис бўлса керак, халқ отам номини ҳурмат билан тилга олади. Узоқ йиллар биз яшаган кўча отам номи билан аталди.

Отам койимасди, аммо сиёсати устун эди. Биз, фарзандлари - тўрт ўғил, уч қиз "Отамга айтаман" кинояси орқали бир-биримизни ҳушёрликка ундардик.

Отам ишга эрта кетиб, кеч қайтса-да бизнинг ўқишимиз, одоб-ахлоқимиз билан қизиқарди. Меҳрибонлик билан панд-насиҳат қилиб, меҳнатга, ҳалол яшашга, ўқиб яхши мутахассис бўлишга ўргатарди. Ота ўгитига амал қилиб, кам бўлмадик, ака-ука, опа-сингиллар ҳаммамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топдик.

Падари бузрукворим уруш асоратини барибир кўтара олмади - 1989 йилда 66 ёшида вафот этди. Онажоним Холида ая ҳар қанча билдирмайин десада, отам вафотидан сиқиларди. Аксига олиб, ички ишлар ходими бўлиб ишлаб юрган Шавкат акамнинг 2001 йилда Сурхондарёда ватанимиз тинчлигига раҳна солган қўпорувчилар билан жангларда иштирок этгани, жанглардан сўнг хат-хабарсиз яна бир ой хизмат қилгани онам юрагини пора қилди. 2012 йилда акамнинг бевақт вафот этганига бардош бера олмади - касалликка учради, тўрт йил ўтиб, бу дунёни тарк этди.

Бугун биз одамлар тилида ҳамон жаранглайдиган Қудрат Қурбоновдай элга муносиб хизмат қилган инсоннинг зурриёди бўлганимиздан фахрланамиз, яхши ишларимиз билан руҳини шод этишга интиламиз.

Нигора Қурбонова,

Жомбой тумани 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.