“Отангнинг қабрини ким тозалайди?”
Айни кунларда Паст Дарғом туманининг Чимбойобод маҳалласида ҳар куни бир ўзгариш.
- Йўлга тош тўкишяпти. Айтилган гаплар чинга ўхшайди.
- Уйга дўхтирлар, кадастр хизматидагилар келди. У ёқ-бу ёқни йиғиштириб қўйиш керак. Тартибсизликдан кулиб кетишмасин яна.
-“Сувоқова”дагилар кўчаларга ичимлик суви тармоғи тортишар экан…
Ҳудуддаги бу гап-сўзлар замиридан ижро этувчи ташкилотлар ишлаётганини илғаш қийин эмас.
Аммо, ҳар куни ҳудудда кунлик ишлар муҳокама қилинадиган Гўзалкент қишлоқ хўжалиги коллежи рўпарасидаги аҳвол негадир яхши томонга ўзгармаяпти. Муқаддам савдо ташкилоти бўлган бино ва ерни Чимбой маҳалласида яшовчи Фахриддин Мийлиев, янгиравотлик Қамариддин Бўронов, чимбойлик Хайрулла Мардиевлар 7-8 йил аввал хусусийлаштириб олишгану, кейин бу ерни “унутишган”. Гўё хароба чордевор олдида ҳеч қачон чиқиндилар олиниб, хас-хашаклардан тозаланмагандай. Бу ҳақда “тадбиркор”ларни огоҳлантириш учун оқсоқолдан улар билан боғланишни сўраган фақат биз эмас эканмиз.
- Неча бор чақиртирилди. Келишмайди. Ақалли тозалаб ҳам қўйишмайди.
Оқсоқолларнинг бу гапига ишониб-ишонмай кутдик ҳам. “Қораси” ни ҳам кўрсатишмади. Шу харобаларга ёндош маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳам абгор аҳволда. Ҳарқалай объект эгаси уялган шекилли, 2 август куни кечки томон келди. Эртасигаёқ ободончилик қилиниши, объектни ишга туширишга ваъда берди.
“Дўстлик” қабристони Боғишамол, Учтепа, Янгиравот маҳаллаларига тегишли экан. У ерга ўтганларни зиёрат қилишга яқин ўртада бирор киши кирмаган кўринади. Чунки ёнтоқ ва хас-хашаклардан қабрлар кўринмай кетган.
Ҳудуд имом-хатиби Зайниддин Бўронов билан айни жума намози олдидан учрашдик. Қабристондаги аҳволга тўхталиб, 50-60 чоғли намозхону ҳожи оталарга ўтганлар руҳини шод этиш учун қурбон ҳайити арафасида тозалаш ишларига бош бўлишларини сўрадик.
Афсуски, намоздан кейин қабристонга борганлар ё уялишди, ё қабрларни “эгаси тозаласин” қабилида қайтиб кетишди. Ҳар тугул янгиравотлик 3-4 ҳожи ёнларига ёш-ялангларни олиб хас-хашакларни йиғиштира бошлашибди. Қайтаётиб ҳожи оталардан бирининг кимгадир қўнғироқ қилаётган гапи қулоққа чалинди:
- Ҳой, кимга айтаяпман. Отангнинг қабрини ким тозалайди? Тез кел.
Яна бир отахон айтиб қолди:
- Қашқадарёдан яқинларимиз меҳмонга келганди. Ота-буваларининг қабрини зиёрат қилиш учун бу ерга келганда роса изза бўлдим. Шунинг учун болалар билан тозалашга киришдик.
Айтиш керакки, ана шундай савоб ишга бош қўшаётган намозхонлар, ҳожи оталар негадир кам.
Айтганча, ўтган гал Чимбой, Боғишамол маҳаллалари аҳолиси, шунингдек, ҳудуддаги иккита фермер хўжалиги далаларига оқар сув бир неча йилдан буён бормаётганини хабар қилгандик. Паст Дарғом ирригация тизими ходимларининг меҳнати билан бугун ариқ тўлиб сув оқаяпти. Бундан ҳамма хурсанд.
“Учқора деҳқони” масъулияти чекланган жамияти деҳқон бозорининг деворлари ҳам оқлана бошлабди. Демак, бозор ичкарисида ҳам иш тўхтамаган…
Pdh.uz