Отани хароб қилган ўғил

Одам борки, одамларнинг нақшидир,
Одам борки, ҳайвон ундан яхшидир.

Алишер Навоий.

Ҳаво салқин. Майдалаб ёмғир ёғмоқда. Акмал ошхона деразаси олдига ўтириб, кўклам манзарасини томоша қиларди. Бувиси, ойиси ва опасининг суҳбати қулоғига кирмас, у ўз хаёллари билан банд. Акмал хаёлида кенг ва бепоён осмонни қучарди. У келажакда учувчи бўлмоқчи. Қишлоғи устидан самолётда учиб ўтишни, қўшнилари  унга фахр билан қўл силкишини тасаввур қиларди. 
Ногаҳон эшик тақиллаб, уни хаёлларидан чалғитди. Опаси Нигора туриб, эшикни очди. Катта аммаси Нилуфар экан. У ичкаридагилар билан бир-бир саломлашиб чиқаркан, бу орада Акмалнинг ойиси дастурхон тараддудини кўра бошлади. Аммо бошига оқ рўмол ташлаб олган. Бувиси Қумри хола қошларини чимириб, "Тинчликми?", – деб сўради.
– Қўшни қишлоққа жанозага ўтгандик, – деди Нилуфар аммаси. – Отамнинг ўртоғи Аъзам амаки бор-у, ўша киши оламдан ўтибди.
Қумри хола нималарнидир пичирлаб, юзига фотиҳа тортди. 

– Ҳали эндигина олтмишдан ошганди, бирор дард билан оғриган эканми? – деди бош чайқаб.
– Аъзам амаки ўғли қилган жиноятни кўтара олмади. Ўғли Аваз гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси билан шуғулланар экан. Бу фош бўлгач, ота иснодга чидолмай ётиб қолди.
Қумри хола ёқасини ушлади. Бундай очкўзларни тупроқ тўйдирмаса, асло нафси қонмайди. Мана, ноқобил фарзанднинг кўрсатган каромати. Бечора Аъзам аканинг умри меҳнат билан ўтди. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмади. Рафиқаси Бибисора опа ҳам оқ кўнгил аёл эди. Афсус… 
Акмал бу суҳбатни эшитиб, қалбида нафратга ўхшаш нимадир бош кўтарди.  Гўёки осмондан пастга тушгандек эди. Балки унинг беғубор, гўзал орзуларига шундай нобакорларнинг қилмишлари хавф солар?

Дилноза АЛИМОВА.