Отахон селда оқаётган қизчани қутқариб қолди
Қўшработ туманидаги "Майинтепа" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Тумановул қишлоғи аҳолиси, хусусан, мактаб ўқувчилари сел йўли ўтган канал-ариқдан 24-мактабга омонатгина турган қўлбола кўприкдан ўтиб боришади.
Бу ҳаракатлар катталар кузатуви остида амалга оширилиши шарт. Бироқ баъзида болалар шошқалоқлик қилиб, мустақил ўтишга ҳам уринади. Яқинда ана шундай ҳаракатларнинг оқибатида фожиа рўй беришига бир баҳя қолди. Мактабдошлари билан уйга қайтаётган 3-синф ўқувчиси Г.Шарипова “қилкўприк”дан ўтаётиб, бехосдан шиддат билан оқаётган селга қулаб тушди. Олдинда бораётган ўзидан каттароқ ҳамроҳлари Хуршид билан Дурдона унинг оқиб бораётганини кўриб, қўрқиб кетганидан бақира бошлади.
Яхшиямки, воқеа жойидан бироз нарида, қирдаги юмушларини бажариб уйига қайтаётган 63 ёшли Фозил Холбеков бор экан. У қизалоқни кўрди-ю, сойга югурди ва ўзини сувга отиб, чўкаётган қизалоқни қутқариб қолди.
Қизалоқни ҳалокатдан сақлаб қолган Фозил Холбековнинг бу зийраклиги ва жасорати таҳсинга лойиқ. Бинобарин, бу унинг ҳаётидаги биринчи ҳодиса эмас: у бундан бир неча йил илгари селда оқиб кетаётган икки ўқувчини ҳам қутқариб қолган эди.
Норбобо Шакаров, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.