Ўтган йилда биржа орқали 304 млрд сўмлик авторақамлар сотилди
2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 млрд. сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.
Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,6 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 91 фоизи жисмоний шахслар, 9 фоизи - юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 494,9 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса – 348 млн. сўмни ташкил қилди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5 фоизи – биринчи тоифадаги авторақамлар, 8 фоизи – иккинчи, 8 фоизи – учинчи, 11 фоизи – тўртинчи, 22 фоизи – бешинчи ва 46 фоизи – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (31 фоиз) Самарқанд ва Қашқадарё (8 фоиздан), Наманган, Андижон ва Сурхондарё (7 фоиздан), ҳамда Хоразм (6 фоиз) вилоятларида харид қилинган.
Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.