БМТ минбарида янграган ҳақиқат: Ўзбекистон ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида сўзлаган нутқини қизиқиш билан тингладик.
Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида устувор мақсад сифатида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Айниқса, педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, гендер тенглик, Марказий Осиёдаги барқарорликни таъминлаш борасидаги қўшничилик алоқалари ва Бош ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этгани юртимизнинг ижтимоий давлат сифатида олиб бораётган сиёсатининг ёрқин намунаси бўлди.
Дарҳақиқат, қўшни мамлакатлар билан йиллар давомида муаммо бўлиб келган чегара масалалари Президентимиз ташаббуси билан тўлиқ бартараф этилди. Бугун минтақамизда ўзаро иттифоқчилик, яқин қўшничилик алоқаларининг ўсиб бораётганлиги халқаро минбарларда эътироф қилиняпти.
Бундан ташқари, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш борасида афғон халқининг тинч-осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги, Ғазо секторида тобора кескинлашиб бораётган гуманитар инқирозни эътибордан четда қолдириб бўлмаслиги, БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишни, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш таклифининг билдирилгани ҳам Давлатимиз раҳбарининг нақадар тинчликпарвар инсон эканлигига исботдир.
Ўз нутқида давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг қалби ва онгига тинчлик, дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш, бунинг учун “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи дунё ёшларини қувонтиргани рост.
Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп, Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мён, Албания Президенти Байрам Бегай, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел билан олиб борган учрашувлари ҳам мамлакатимизда барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатининг устуворлигини намойиш этди.
Тадбирлар олдидан Президентимиз 50 дан ортиқ халқаро молиявий институтлар ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида умумий қиймати 100 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар, истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилгани ҳам мамлакатимизга йирик компанияларнинг қизиқиши юқори эканлигидан далолат.
Холбек КУБАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.