Ўзбекистон ҳуқуқшуносларининг севимли устози Ҳожиакбар Раҳмонқуловни хотирлаб

Устознинг сабоғидан 1980 йилдан баҳраманд бўла бошладим. Ўшанда домла ЎзФА томонидан СамДУ ҳуқуқшунослик факультетига ёрдам бериш учун келганди.

Бу ерда домла фуқаролик-ҳуқуқшунослик фанлари кафедрасини ташкил этди ва унга бошчилик қилди, ўқув-услубий ва илмий ишлар савиясини оширишга кўмаклашди. Ўқитувчилар таркибининг илмий ишлари ва ўқув қўлланмалари нашр этилишини уюштирди, илмий ишлар мавзуларини белгилади ва бир қанча юридик фанлар номзодларини тайёрлади.

Талабалик пайтимда университетда, шаҳар ва вилоят миқёсида ташкил этилган илмий-амалий анжуманларда иштирок этиб, устознинг долзарб мавзуларга бағишланган маърузаларидан баҳраманд бўлганман.

Профессор Ҳ.Раҳмонқулов маърузалари дарслик доираси билан чегараланмасди. Иқтисодиёт қонун-қоидаларининг фуқаро, жамият ва ижтимоий ҳаётга таъсирини биз, талабаларга ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб тушунтирарди.

Мисол учун, омонат шартномаси (ломбард) мавзусини тушунтиргани эсимдан чиқмайди. Ўшанда аспирантуранинг биринчи йилини битириб, ёзги таътилга, Сайрамга ота-оналари ва қариндошлари бағрига боришни режалаштирган олим қишки пальто ва бошқа иссиқ кийимларини омонатга (сентябрь ойигача “ломбард”га) топшириб, ундан олинган пул эвазига авиачипта харажати ва бошқа уйга совға-салом масаласини ҳеч кимга муҳтож бўлмай ечганларини ғурур ва ифтихор билан биз талабаларга сўзлаб берганди.

Устознинг аспирантлар билан индивидуал ишлаш услуби ўзига хос эди. Домла ишлаган даврларда, яъни фуқаролик ҳуқуқи фанидан мутахассислик бўйича давлат комиссиясига имтиҳон топширган аспирант кейинги босқичга, диссертация қўлёзмасини кафедрада биринчи бор муҳокама қилиш ҳуқуқини оларди. Устоз ҳар бир аспирантга, айниқса, у кундузги бўлимда ўқиётган бўлса, фуқаролик ҳуқуқи фанининг ҳар бир мавзуси бўйича нашр этилган китоб, илмий мақолаларни таҳлил қилиб, конспект қилишни, илмий конференция материалларидан бохабар бўлишни маслаҳат берарди. Домла ёш олимлар томонидан фаннинг назарияси ва амалиётини пухта ўзлаштиришга,  улар ўз илмий изланишларида янги ишланмаларни ифодалашга жиддий эътибор берарди. Бу талабни домланинг синовларидан ўтган барча шогирдлари у кишини талабчан олим, адолатли хислатлар соҳиби, камтарин инсон сифатида эслашади.

Устознинг “Саноат ва қишлоқ хўжалиги ўртасида товар айланиши соҳасидаги шартнома муносабатлари” мавзусидаги докторлик диссертациясида, “Ўзбекистон халқ хўжалигини йўлган қўйишнинг ҳуқуқий  масалалалари”, агросаноат мажмуида шартномавий мажбуриятларнинг ҳар бир турини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ёритилган асарларида илгари сурилган айрим назарий ва амалий таклифлар ҳозирги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳ.Раҳмонқулов Конституциявий комиссия аъзоси бўлиб, мустақил Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасининг “Жамият ва шахс” бўлимини тайёрлови ишчи гуруҳига раҳбарлик қилди. Унинг  “Инсонпарвар давлат конституцияси” асари Конституциямиз иккинчи бўлимининг мазмунини  ташкил қилувчи асосий қоидаларга бағишланади. Мазкур асарда шахс ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ масалаларни ёритишда амалдаги қонунлар ва халқаро ҳужжатларга  асосланилди.

Ўзбекистон Республикасининг 1995-1996 йилларда қабул қилинган Фуқаролик кодексининг концепциясини ва ҳақли равишда “Бозор иқтисодиётининг конституцияси” деб нисбат берилган кодекс лойиҳасини тайёрлаш ишларига бошчилик қилди.

Мазкур қонун лойиҳаси устида устозларимиз Ҳ.Раҳмонқулов, И.Зокиров, Б.Ибратов, Р.Муҳамедов, И.Анортоев, Ш.Асьянов сингари фидойи олимлар ишлади. “Бозор иқтисодиётининг конституцияси” лойиҳасининг тегишли қисмлари ва нормаларини муҳокама қилиш чоғида домлалар биз, аспирантлар ва ёш ўқитувчиларни таклиф этгани ва бунда дастлабки қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнининг илмий ва амалий жиҳатларидан бизни баҳраманд қилганликлари, аслида эса қонун лойиҳаси устида бундай соғлом муҳокама, мунозара ўтказилгани биз учун катта билим ва маҳорат мактаби бўлганини фахр билан эслаймиз.

Бундай ташқари, устоз раҳбарлигида Оила кодекси ва иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи қатор қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.

Устознинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Оила кодексларига, мулкчилик, тадбиркорлик тўғрисидаги ва бошқа қонунларга тайёрланган шарҳлар ҳуқуқни қўллаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатди.

Устознинг ҳовлисида биринчи бор бўлганимда улкан кутубхонасини кўриб ҳайратда қолгандим. Домла ҳар сафар ўзининг янги китобини шогирдларига совға қилиб, унинг ичига самимий ва ижодий тилаклар битилган дастхат ёзиб берарди. Аниқ бир ижтимоий-ҳуқуқий мавзу бўйича мазмунли ва ширин суҳбат бошланиб кетганида манбалардан, шу жумладан, домла совға қилган китобидан иқтибос келтирсангиз, “Демак китоб жавонда турган эмас экан, у ўқилибди, деб хурсанд бўларди.

“Инсон ўзини нимага бағишласа, ўша нарса доирасида шаклланади”, дерди у киши. Устоз сермаҳсул ижоди билан ёшу кексага, илм кишиларига намуна бўлди. Илмий анжуманларда долзарб мавзуларда маъруза қилиш, талаба-ю магистрлар, аспиранту докторантлар билан ишлаш, янги китоблар ёзиш, ҳатто кичкина қизи Нилуфарга эртак-ҳикоя ўқиб беришгача вақт ва имкон топарди.

Ҳожиакбар Раҳмонқуловнинг бевосита илмий раҳбарлигида 60 нафардан зиёд юридик фанлари номзоди ва 17 нафар юридик фанлари доктори илмий даражаларига эга бўлган юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрланди. Улар орасида қўшни давлатлар вакиллари ҳам бор. Устоз МДҲга аъзо давлатлар Фуқаролик кодекси моделини ишлаб чиқишда фаол қатнашган. Унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилди, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси ва академиги этиб сайланди.

Устоз Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, фашизм устидан қозонилган буюк ғалабага элимизнинг мард ва жасоратли фарзандлари каби ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган эди. Биз шогирдлар ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунида устозимизни қутлагани келганимизда, устоз ўзининг қалбида асорат бўлиб қолган фронтдаги оғир йўқотишларни гапириб, жангоҳларда қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини сира унутмаслигимизни, тинчликни қадрлашни, бўлаётган таҳдид ва хавфлардан огоҳ бўлишни таъкидларди. Айниқса, талаба-ёшлар орасида маърифий-маънавий ишларни мақсадли олиб боришни насиҳат қиларди. У “Ватан уруши” ордени, ўн битта жанговар ва юбилей медаллари билан тақдирланди.

2014 йилнинг апрель ойида устоз биз шогирдларни Тошкент давлат юридик университетининг халқаро хусусий ҳуқуқ кафедрасига тўплади. Замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган халқаро хусусий ҳуқуқ фанининг янги таҳрирдаги дарслигини тайёрлашни топширди. Ёз ойида эса...

Мана, олти йилдирки, устоз орамизда йўқ. Меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ҳожиакбар Раҳмонқуловнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша барҳаёт.

Комил РАШИДОВ,

юридик фанлари доктори, профессор.