Ўзбекистон-Иордания: Халқ манфаатларига хизмат қиладиган муҳим учрашув

Самарқандда бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ўртасидаги учрашув халқимиз, давлатимиз ва келажагимиз учун тарихий воқеа бўлди.

Бу фақат дипломатик мулоқот эмас — бу давлатлар ўртасидаги ишончнинг, халқлар ўртасидаги дўстликнинг ва стратегик шерикликнинг янги босқичга кўтарилиши бўлди. Бу каби учрашувлар — мамлакатимизнинг халқаро ҳуқуқий майдондаги нуфузини мустаҳкамлайдиган, уни тинчликпарвар ва ишончли шерик сифатида кўрсатадиган муҳим таянч нуқталари ҳисобланади.

Аҳамиятли томони, ушбу давлат ташрифи доирасида имзоланган 15 та муҳим ҳужжат — бу шунчаки қоғоз эмас, балки ҳар бир битими ортида халқ ҳаётига дахлдор бўлган ислоҳотлар, қулайликлар ва янги имкониятлар мужассам. Хусусан, виза режимининг бекор қилиниши фуқаролар эркин ҳаракатланиши ва туризм, таълим, бизнес соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшса, бизнес-форумлар ташкил этилиши икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри муносабатларни ривожлантиради, олий таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги ҳамкорлик эса ёшларимиз, тадқиқотчиларимиз, фермерларимиз ва шифокорларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Айнан шундай учрашувлар орқали юртимиздаги “инсон қадри учун” деган бош тамойил халқаро даражада ҳам ўз исботини топмоқда. Ишбилармонлар учун янги бозорлар, ёшлар учун халқаро стипендиялар, сайёҳлар учун қулай тартиблар, фермерлар учун тажриба алмашинувлари, буларнинг барчаси халқ манфаатлари учун қилинмоқда.

Самарқанддаги бу учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати унинг геосиёсий мазмунида. Бу ташриф орқали Ўзбекистон ўзининг мустақил, тинчликсевар ва барқарор ташқи сиёсати орқали минтақада ҳам, кенг халқаро миқёсда ҳам ўз ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Бу эса нафақат юртимиз нуфузини оширади, балки инвесторлар ишончини ҳам мустаҳкамлайди. Бугунги кунда ҳуқуқий кафолатлар ва сиёсий барқарорлик бўлмаган жойда инвестиция ҳақида гап бўлиши қийин. Бизда эса ҳар иккиси бор, бу учрашув эса буни янада мустаҳкамлайди.

 Тарих гувоҳки, дунё билан юзма-юз, тенгма-тенг мулоқот қилган давлатлар ҳамиша юксалган. Бугунги Ўзбекистон ана шундай юксалиш йўлида собит қадам билан бормоқда. Самарқандда бошланган бу сиёсий мулоқот эса бу йўлдаги яна бир муҳим марра ҳисобланади.

Ҳиммат Оқбўтаев,

Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.