Ўзбекистон қонунчилиги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойилларига қанчалик мос?

Сайлов - 2019

Инсон ҳуқуқлари — ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезон. Шунинг учун ҳам халқаро ва миллий ҳуқуқий тизимда инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилади, деб ёзмоқда ЎзА.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг рўйхати ва мазмуни 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжат одатда дунёнинг виждони, инсоният маънавиятининг эталони, деб қаралади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг эҳтиёжларсиз ва ўз шахсий дахлсизлиги учун ҳадиксирамай яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, адолатли ва бутун дунёда тинчликка бўлган ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари — бу бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзига жамлаган кенг қамровли тушунча бўлса, фуқаронинг сиёсий ҳуқуқлари унинг ажралмас қисмидир. Сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш эса, энг аввало, очиқ ва ошкора ташкил этиладиган сайловларда намоён бўлади.

Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда миллий сайлов тизими ҳам мамлакатимизда тарихан шаклланган ва сўнгги йилларда юксак даражага кўтарилган миллий қадриятларимизга, бой давлатчилик тажрибамизга, халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган сайловга оид демократик тамойилларга монанд такомиллашиб бормоқда.

Аслида сайловлар демократик қадрият бўлиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишлари учун кенг сиёсий майдон яратади. Шу боисдан ҳам инсон ҳуқуқларини, шу жумладан унинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш мустақиллигимиз қомуси бўлмиш Конституциянинг асосий тамойилларидан биридир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллари воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга. Халқ иродаси давлат (ҳукумат) ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим”лиги қатъий белгилаб қўйилган.

Энди, ушбу ноёб, умумэътироф этилган инсонпарвар халқаро ҳуқуқ нормалари бизнинг миллий қонунчилигимизда қай даражада акс этганлигига эътибор қаратамиз.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Иккинчидан, Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Учинчидан, Конституциясининг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъий назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”.

Бешинчидан, Сайлов кодексининг 7-моддасига мувофиқ, “Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”.

Олтинчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, “Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов кодексида белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга”.

Еттинчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, “Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов Кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади. Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади. Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради”.

Шу каби халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилган.

Эътиборлиси, юртимизда шу асосда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида ўзига хос миллий тизим яратилган ва бу масалада махсус миллий институтлар ташкил этилган.

2019 йил 22 декабрда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сайловига “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида старт берилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни очиқ ошкора, миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ўз ваколатлари доирасида барча даражадаги сайлов комиссиялари ишига яқиндан кўмак бермоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, бўлажак сайловлар мамлакатимиз миллий тараққиётининг ҳозирги босқичида халқимиз ўзи танлаган юксалиш йўлидан илдам бораётганлигини, бирдамлигини, ислоҳотларнинг орқага қайтмас тус олганлигини, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортганлигини, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб бораётганлигини дунё ҳамжамиятига яна бир бора намоён этади.

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссияси котиби.

Юридик фанлар доктори, профессор.