Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли тасдиқланди
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди. Белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.
Шунингдек, мажлисда айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Унга кўра, сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкаларида видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Таъкидлаш жоиз, биометрик идентификация қилиш – сайловчининг шахсини ҳамда мазкур сайлов участкасининг сайловчилари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини махсус қурилмалар орқали Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда текшириш ва тасдиқлаш жараёни тушунилади.
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида сайловни ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда. Мажлисда тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тартиби тасдиқланди ва қарор қабул қилинди.
Мажлисда Президент сайловига тайёргарлик кўриш даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги ахборот тингланди ва Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ва аъзолари томонидан муҳокама этилди.