Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони ҳақида маълумот берилди

ОИВ инфекцияси ҳозирги кунда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланган. ОИВ эпидемияси бошлангандан буён 75 миллиондан ортиқ киши у билан касалланган.

Республика ОИСТга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Юлдашевнинг маълум қилишича, 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига республикамизда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43 581 нафарни ташкил этмоқда.

Юртимизда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятда барқарорлашиш кузатилмоқда.

Мамлакатимизда 78 та ОИВ диагностика лабораториялари фаолият олиб бормоқда, улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63 таси туманлараро лабораториялардир. Ушбу лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЦР, иммунологик, клиник, биокимёвий ва бактериологик текширувлар ўтказилади.

Давлатимиз томонидан лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда.